Поликлиника замонавий шифо масканига айланди
Когон тумани Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласидаги оилавий поликлиника биноси замонавий қиёфага эга бўлди. Шунингдек, у давлат тиббий хизматлари рақамлаштириш тизимига уланди.
Буни алоҳида таъкидлашимиз бежиз эмас. Ягона платформага уланган ҳолда беморларни рўйхатга олиш, маълумотларни рақамлаштириш касаллик тарихини кузатишни осонлаштиради. Профилактика тадбирлари қамровини кенгайтиради. Қоғозбозликни камайтириб, беморларга қулайлик яратади. Шифокорлар фаолиятида эса шаффофликни таъминлайди. Вақт ҳам тежалади.

Шифо маскани биносига келсак, у бундан 22 йил муқаддам қурилган бўлиб, ташқи таъсирлар оқибатида таъмирталаб ҳолга тушганди. Иншоот ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида мукаммал таъмирланди. Шу мақсад учун 650 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада 44 нафар ходим ишлаётган оилавий поликлиника шу кун талаби даражасидаги шифо масканига айланди. Яратилган қулайликлар шифокорларнинг самарали фаолият юритишларига имкон беради. Бошқача айтганда, янгиланган бинода янгича ишлаш ҳаётий заруратга айланди.
Поликлиника жамоаси зиммасига ҳудуддаги 22 та қишлоқда истиқомат қилувчи 12 мингдан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масъулияти юкланган.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг