Пўлат Бобожонов Тошкентдаги жамоат транспорти шароитини яхшилаш борасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда
Фото: ИИВ матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳаридаги жамоат транспорти шароитини яхшилаш борасида автобус саройлари ва автобуслар ҳаракатланадиган йўналишларда йўловчилар учун яратилаётган қулайликлар ва мавжуд муаммоларни ўрганиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича берган топшириқлари юзасидан тузилган идоралараро ишчи гуруҳи томонидан туну кун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, хизмат кўрсатишни такомиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий-Беруний, Фарғона йўли ва Амир Темур кўчаларида автобуслар учун 3 та алоҳида йўлаклар ташкил этилиб, бугунги кунга қадар 9,7 км. йўл ётиқ чизиқлари билан белгиланган. Умумий, мазкур учта йўналиш бўйича жами 43,7 км. йўналишда алоҳида ётиқ чизиқ ва 538 дона қўшимча йўл белгиларини ўрнатиш режалаштирилган.
Бунда автобуслар ҳаракатланиши оралиғини 10 дақиқагача қисқаришига, йўловчилар сони эса 23 фоизгача ошишига эришилади.
Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича, бугунги кунга қадар, 148 та йўналишга қўшимча 1 051 та автобус жалб этилган. Йўловчиларни эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун янгидан ажратилган 204 та автобусларнинг 147 таси тегишли тартибда жиҳозланиб йўналишларга чиқарилди.
Маршрут графиги ва автобуслар ўртасидаги интервални кузатиш ҳамда ҳар бир автобусни назорат қилиш мақсадида йўналишлардаги барча автобусларга ГПС тизими ўрнатилди. Эътиборлиси мазкур тизим хар бир автобусни ҳаракатини, графикдан кеч қолишини кузатиш имконини бериб, диспетчерлар томонидан телефон орқали ҳайдовчилар ҳаракати мувофиқлаштирилади.
Бундан ташқари, ҳаракат таркибини ўз вақтида маршрутга чиқарилиш устидан тўлақонли назорат қилиш учун 7 ва 18-автосаройлар кириш ва чиқиш жойларига онлайн кузатув камерлари ўрнатилиб, идоралараро тезкор ишчи гуруҳ штабига интеграция қилинган.
Амалга оширилган ишлар натижасида йўловчилар сони ва тушумларнинг сезиларли даражада ўсиб бориши кузатилмоқда.
Кўпгина муаммолар автобуслар техник ҳолати қониқарсизлиги ҳамда ҳайдовчиларнинг жамланмаганидан вужудга келган, деб баҳоланса, ҳайдовчиликка номзодлар билан амалга оширилган тарғибот ишлари натижасида, ҳозирда 541 нафар фуқаро автосаройларга ишга киришга розилик билдирган бўлиб, улардан 349 нафари ҳайдовчи лавозимига ишга қабул қилинган.
Албатта ўрганишлар жараёнида бир қатор муаммолар ҳам аниқланмоқда, масалан, 4-сонли автобус саройида хизмат биноси, ошхона ва бошқа маиший хизмат хоналарининг ички ва ташқи кўринишлари қониқарсиз ҳолатга келиб қолган, косметик таъмирга муҳтож ҳамда ташқи ҳудуди тартибга келтирилмаган.
Масъулларнинг автосарой ишчилари билан ҳамкорликда, корхонанинг хизмат биноси, ошхона ва бошқа маиший хизмат хоналарининг ички ва ташқи кўринишлари ҳашар йўли билан косметик таъмирланиб, автобус саройнинг ташқи ҳудуди тартибга келтирилди.
7-сонли автобус саройида ҳудудга ўрнатилган 18 та видеокузатув камераларидан 9 та носоз ҳолатда эканлиги маълум бўлиб, уларнинг барчаси созланди, «Тошшаҳартрансхизмати» АЖга интеграция қилинди.
12-автобус саройида ишчи гуруҳи томонидан йўналишлар фаолияти ўрганилганда 133-сон (Гулзор маҳалласи – Қипчоқ транспорт боғланмаси) ва 143-сон (ИНДEХ савдо мажмуаси – Бобур майдони) йўналишларда йўловчилар оқими камлиги кузатилди. Шу сабабли ушбу йўналишларга жалб этилган автобусларни 133-сон йўналишда 5 тадан 3 тага ва 143-сон йўналишда 7 тадан 4 тагача қисқартириб, бошқа муаммоли йўналишларга жалб этилди.
Амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликка тўлиқ ахборот етказиш учун жорий йилнинг 24 декабрь куни оммавий ахборот воситалари учун алоҳида пресс-тур ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Мазкур йўналишда кундалик ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг