Покистон Эронга жавоб ҳужумини уюштирди. Қурбонлар бор

23:40 18 Январь 2024 Дунё
488 0

Фото: Tasnim News Agency

10 нафар Покистон фуқароси Покистон ҳарбийларининг Эрон ҳудудига уюштирган зарбаси қурбони бўлди. 

Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги Эроннинг Систон ва Балужистон музофоти губернатори ўринбосари Алиризо Марҳаматига таяниб хабар бермоқда.

“Покистон армияси эрталаб соат 04:30 атрофида Эроннинг чегарадаги қишлоқларидан биридаги учта турар-жой ҳудудига учта учувчисиз учоқ билан ҳужум қилди. Бу ҳужумлар натижасида тўртта турар-жой биноси вайрон бўлди, ўнга яқин аёл ва болалар ҳалок бўлди”, — дейилади хабарда.

Марҳаматининг таъкидлашича, Эрон разведкаси ва бошқа идоралари ҳозирда Покистон фуқаролари қандай қилиб мамлакатга кириб, яширинча яшашга муваффақ бўлганини аниқламоқда.

Шу йилнинг 16 январь куни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Покистоннинг Эрон билан чегарадош Балужистон музофотида жойлашган “Жайш ал-Адл” террорчилик гуруҳининг асосий базасига баллистик ракета ва учувчисиз самолётдан ҳужум уюштирди.

Бу Эрон қуролли кучларининг Покистон ҳудудига биринчи ракета зарбаси ҳисобланади.

Шундан сўнг Покистон Эроннинг ўз ҳудудига ҳужумини қабул қилиб бўлмайдиган ва ноқонуний ҳаракат деб ҳисоблашини маълум қилди.

“Бу ноқонуний қадам мутлақо номақбул ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Покистон бу ноқонуний ҳаракатга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бунинг оқибатлари учун жавобгарлик Эронда бўлади”, — дейди Покистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот котиби.

Шу ўринда Покистон ТИВ зарба халқаро қонунларга ва БМТ Низомига зидлигини қайд этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер