Пойтахтда ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланган талаба ва унинг ўқитувчиси қўлга олинди (+видео)

14:13 08 Апрель 2026 Жамият
235 0

Тошкент шаҳрида ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари фош қилинди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, ҳозирда пойтахтдаги нодавлат олий таълим муассасасининг 2-босқич талабаси Янгиҳаёт туманидаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, моддий манфаатдорлик эвазига, 2014-2021 йиллар оралиғида туғилган 9 нафар вояга етмаган болаларга диний сабоқ бериб келгани аниқланган.

Шундан сўнг, текширув давомида 49 дона турли диний мазмундаги китоблар, 24 дона диний дарсликлар ёзилган дафтарлар ҳамда 1 дона ноутбук ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Дастлабки маълумотларга кўра, болаларга мажбурий равишда сабоқ берилган, айрим ҳолларда эса уларга турли даражада тан жароҳатлари ҳам етказилгани ошкор бўлган.

Бундан ташқари, болалардан 6 нафари 2 ойдан 8 ойгача умумтаълим мактабидаги дарсларга бормаган, аксинча, мажбуран уйда сақланиб, ҳатто уларга кўчага чиқишга ҳам рухсат берилмаган.

Ҳозирда ушбу манзилдан олинган диний адабиётлар ва компьютер техникаси юзасидан тегишли экспертизалар тайинланиб, қонунбузар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 229²-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, болаларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Янгиҳаёт туманида кузатилган бошқа ҳолатда эса, юқорида келтирилган талабанинг нодавлат олий таълим муассасасидаги ўқитувчиси ҳам ижара хонадонда болаларга ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётгани маълум бўлган.

Хусусан, 1987 йилда туғилган ушбу шахс ва унинг турмуш ўртоғи томонидан 2009-2018 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар болаларга сабоқ берилган бўлиб, улар орасида Тожикистон Республикаси фуқаросининг ҳам фарзанди борлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тегишли экспертиза тайинланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер