Пойтахтда фуқароларни Умрага юборишни ваъда қилган «уддабуронлар» ушланди
Тошкент шаҳрида Умра зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Аниқланишича, «А.А.» МЧЖнинг норасмий ишчиси фуқаро А.А. ва бошқалар фуқаро Г.Б. ва унинг ота-онасини жами 3 минг 150 АҚШ доллари эвазига Саудия Арабистонига бориши учун виза ҳужжатларини тайёрлаб, Умра зиёратига юборишларини ваъда қилган.
Қонунбузар шахслар ушбу хизмати эвазига олдиндан бўнак сифатида 2 минг 400 АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбир ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг