Поездлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича комиссия тузилди — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда йўловчи ташиш вагонларига кондиционерлар ўрнатиш масаласи кўп муҳокама қилинмоқда. Бунга асосий сабаб, ноодатий табиий иссиқлик вагонларнинг совитиш тизимида узилишлар келтириб чиқараётганини келтириш мумкин.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти юртдошларимиздан ушбу масалага бефарқ бўлмаганликлари учун миннатдорчилик билдиради ҳамда юзага келган ноқулайликлар учун узр сўрайди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, йўловчи поездларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича комиссия тузилди. Жорий йилнинг 10 июнь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Х. Хасилов бошчилигида ишчи комиссия «Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖга ташриф буюрди. Ташриф давомида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди ва чора тадбирлар белгилаб олиниб, тегишли раҳбарларга топшириқлар берилди.
Белгиланган чора тадбирларга кўра:
— биринчидан, поезд ўз манзилига кетишидан олдин 40 дақиқалик вақт оралиғида манёврга (локомотивни йўловчи вагонларидан узиб қўйиш) ўтказишга қарор қилинди. Бу эса ўз навбатида йўловчи вагонларининг электрсиз туриш вақтини камайтиради. Чунки кондиционер тизими локомотивсиз ишламайди.
— иккинчидан, “Oʼztemiryoʼlyoʼlovchi”" АЖ бош директори ва унинг ўринбосарларига йўловчи поездларида текширув сафарларини ўтказиш ва вагонларда кондиционер тизими ишлашини шахсан текшириш топширилди.
— учинчидан, йўл давомида йўловчиларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар бир йўловчи вагонлари таркибига тиббиёт ходимларини бириктириш вазифаси қўйилди. Айтиш жоизки, поездларда тиббиёт ходимлари билан бундай амалиёт бошқа мамлакатларда қўлланилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вагонларни реконструкция қилиш, шунингдек, уларни модернизация қилиш белгиланган тартибда ва тасдиқланган жадвалларга мувофиқ амалга оширилади.
Маълумотларга кўра, икки кун давомида (жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари) «Ишонч телефони»га 3 мингдан ортиқ қўнғироқ орқали мурожаатлар келиб тушган (1005). Шулардан фақат 2 та қўнғироқ поезднинг кондиционер тизимидаги муаммолар билан боғлиқ бўлиб, 5 та қўнғироқ қўнғироқ қилувчилар томонидан ишонч телефони оператори жавоб бергунига қадар рад этилган.

Бугун “Oʼztemiryoʼlyoʼlovchi” АЖ директори ва унинг ўринбосарлари бошчилигида йўловчи поездларида текширув сафарлари бошланди.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
(«Халқ сўзи») олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг