Почта алоқаси хизматларининг сифат ва тезкорлиги оширилмоқда

15:41 22 Июнь 2021 Иқтисодиёт
1285 0

Бугун Ўзбекистонда почта алоқаси соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Зеро, мазкур тармоқ фаолияти жамиятимизда катта ижтимоий аҳамиятга эга. 

Хусусан, охирги йилларда республикамиз почта алоқаси хизмати миллий оператори ҳисобланган «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг фаолиятида янги, замонавий усуллардан фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш ҳамда рақамлаштиришни фаоллаштиришга боғлиқ самарали ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 14 декабрдаги «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Миллий оператор тармоғини ривожлантириш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида, Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида Ўзбекистон 93-ўринда қолаётганлиги, Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, почта алоқаси хизматларини тақдим этиш фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш орқали Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи элликталикка киритиш мақсади белгиланди ва почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Почта алоқаси объектларида замонавий, шу жумладан «Гибрид почта» хизматини ривожлантириш ва иш унумдорлигини ошириш мақсадида, ушбу хизматдан фойдаланиш бўйича 50 дан ортиқ давлат органлари билан шартномалар тузилди. Шунингдек, 2 та автомат конвертлаш ускунаси харид қилиниб, Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишлатиб кўрилмоқда. Мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекслар (почтамтлар)ни жорий этиш бўйича лойиҳа-техник ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, танлов ўтказилди ва 30 та почтамтни етказиб бериш бўйича “Cumulative Service” МЧЖ билан шартнома тузилди.

Бугунги кунда, 30 та почтамт олинган бўлиб, шундан 13 та почтамт Тошкент шаҳрида,13 та почтамт Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Нукус, Навоий, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Қарши, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Урганч шаҳрига етказиб берилиб, ўрнатилди. Бугунги кунда, уларга ахборот тизимларини ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қолган 4 тасини вилоятларга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Давлат хизматлари кўрсатиладиган почта алоқа бўлимларини ва уларнинг ходимлари рўйхати шакллантирилмоқда.

702 та почта алоқа объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланилган ҳолда 17 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди (Наманганда 112 та, Бухорода 103 та, Қорақалпоғистонда 93 та, Андижонда 64 та, Қашқадарёда 47 та, Самарқандда 43 та, Жиззахда 42 та, Хоразмда 41 та, Сурхондарёда 41 та, Навоийда 40 та, Фарғонада 39 та, Сирдарёда 28 та ва Тошкент вилоятида 9 та). Шу кунга қадар почта алоқаси объектлари орқали аҳолига жами 4 750 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.

Бугунги кунда, www.pochta.uz сайти орқали даврий матбуот нашрларига онлайн обуна хизмати йўлга қўйилди ва унда 250 турдан ортиқ даврий матбуот нашрларига онлайн равишда обуна уюштириш имконияти яратилди.

«Ўзбекистон почтаси» Акциядорлик жамияти томонидан даврий матбуот нашрларига «Интернет-обуна қабул қилиш тартиби ва шартлари» ишлаб чиқилди ва 2021 йил 1 мартдан амалга киритилди.

Онлайн-обуна дастури Payme ва CLICK мобил иловаси билан интеграция қилинди ва бугунги кунда ушбу мобил иловалар орқали даврий матбуот нашрларига онлайн равишда обуна уюштириш имконияти яратилди.

Почта хизматларини кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш тизимини жорий этиш юзасидан техник топшириқ ишлаб чиқилиб, танлов ўтказилди ва ишлаб чиқарувчи билан шартнома тузилган. Почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизим 2021 йил 17 майдан Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилди. 300 та компьютер ва 150 та кўп функцияли ускуна харид қилинди ва иш жойларига етказиб берилди. Шунингдек, 1000 та мобил қурилмалар билан таъминланди. Ушбу мобил қурилмалар учун ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларни Давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Ахборот коммуникация технологиялари негизида хизмат кўрсатувчи ходимлар учун ўқиш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш мақсадида, «Ўзбекистон почтаси» АЖ ходимларнинг малакасини ошириш ўқув маркази» ташкил этилди. Почта алоқа объектларида амалдаги банк ва молиявий, давлат ва электрон тижорат хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш ва қўшимча хизмат турларини жорий этиш бўйича ходимларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш юзасидан АТ «Алоқабанк», Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки» МЧЖ ўртасида битим ва ўқув курси режалари ишлаб чиқилган. Шунингдек, Жамият ижроий аппарати, филиал ва почта алоқаси боғламаларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари тегишли йўналишлар бўйича малака ошириш марказларида 54 нафарининг малакаси оширилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш, шунингдек, уларнинг товарларни экспорт қилиш имкониятини берувчи тизимни яратилди. Ҳозирда “Unisavdo«Миллий онлайн савдо майдончасига тадбиркорларнинг ишлаб чиққан маҳсулотларини жойлаштириш бўйича 300 та тадбиркорлар билан шартномалар тузилди ва бугунги кунда яна янги шартномалар тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда, тадбиркорлар ва интернет-магазинларнинг 7359 га яқин маҳсулотни “Unisavdo” Миллий онлайн савдо майдончасига киритиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Интернет-савдо майдончалари эгаларига ўз маҳсулотларини сақлаш, яъни омборхона муаммосини ҳал этиш ҳамда интернет-савдо майдонча орқали харид қилинган маҳсулотларни шу ернинг ўзида тез фурсатларда қадоқланиб, мижозларга етказиб бериш имкониятини берадиган 4 та логистика марказларини 2021 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида, Андижон вилоятининг Асака туманида, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ташкил этиш белгилаб олинди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ва имзоланган ушбу қарор-бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардошликка интилаётган «Ўзбекистон почтаси» АЖ, ҳозирги кунда почта хизматларини кўрсатаётган кўплаб маҳаллий почта курьерлик компаниялари, юртимизда ушбу фаолиятни юритаётган хорижий компаниялар учун анчадан буён интиқиб кутилаётган қарор бўлди десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ушбу қарор бўйича белгиланган вазифаларни бажариш барча соҳа мутахассислари, ходимлари, мутасадди корхона ва ташкилотлар, олдида турган муҳим ва долзарб, кечиктириб бўлмайдиган масалалардан ҳисобланади, чунки, юртимизда почта хизматларидан фойдаланиш аҳолимиз кундалик ҳаётининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер