Плёнка остидаги ток

11:17 14 Апрель 2026 Жамият
176 0

Андижонликлар хўп ажойиб-да! Азал-азалдан «Ёмғир ёғса дўпписини шундайгина селлофанга ўраб кетганида ҳам бир ҳикмат бор», — дейди катталар. Яъни, табиат билан муроса қилиш, ундан ютиш йўлларини топиш бу юрт одамларининг қонида бор. Ана шу хусусият туфайли пахтани плёнка остига экиш илк бор Андижонда шакллангани бежиз эмас. Бугунги кунга келиб эса плёнка остида парваришланмаган экиннинг ўзи қолмади ҳисоб. Энди улар қаторига токнинг қўшилганига нима дейсиз! Бу ҳам ўша тадбиркорлик, изланиш, замон билан ҳамнафас бўлишнинг яна бир кўринишидир.

Маълумки, Ўзбекистонда узумчилик азалдан ривожланган соҳалардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда етиштирилаётган узум, нафақат, ички бозорда, балки хорижда ҳам катта талабга эга. Табиий таъм, қуёш нури билан пишган ширинлик ва сифат, булар ўзбек узумига хос жиҳатлардир. Бу эса жойларда соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибаларни синовдан ўтказиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Изланувчан фермерлардан бири Булоқбоши туманида фаолият юритаётган Муҳаммадали Бўронов узумчиликка ихтисослашган маҳаллада туғилиб, шу муҳитда вояга етгани боис бу соҳа унга бегона эмас. Бироқ мустақил равишда шуғуллана бошлаганига 16 йил бўлди. Фермер ўтган йили 15 сотих ерда тажриба сифатида иссиқхона шароитида узум етиштириб кўрди. Натижа эса кутилгандан ҳам яхшироқ бўлди. Анъанавий усулда парваришланган узумларга нисбатан ҳосил 1,5 ой олдин пишди. Бу эса бозорда нарх юқори бўлган даврга тўғри келиши билан алоҳида аҳамият касб этди. Шу кичик майдондан 300 килограмм ҳосил олиб, ҳар бир килосини камида 80 минг сўмдан сотгани фермернинг изланиши ўзини тўлиқ оқлаганини кўрсатади. Жорий йилда эса ярим тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

Қизиғи шундаки, бу тажриба фақат ҳосил билан чекланиб қолмади. Фермер февраль ойидаёқ ток баргидан ҳам даромад олди. Яъни, ички бозорга кавартак учун барг чиқариб, қўшимча даромад манбаини яратди. Бу эса ҳар бир қадамни ҳисоб-китоб билан, бозор талабидан келиб чиққан ҳолда қўяётганини англатади.

Ҳозирги кунда Муҳаммадали Бўронов хўжалигида жами 12,8 гектар майдонда ток парваришланмоқда. Ўтган йили 180 тонна ҳосил олинди. Кўчатлар ҳали ёш эканини ҳисобга олсак, бу кўрсаткичнинг янада ўсиши табиий. Хўжаликда 12 нафар доимий ишчи меҳнат қилаётган бўлса, мавсум пайтида уларнинг сони 30 нафардан ортади. Демак, бу фаолият, нафақат, даромад манбаи, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.Айни пайтда маҳсулот асосан ички бозорда сотиляпти. Бироқ фермер жорий йилдан бошлаб Қирғизистон Республикасига экспортни йўлга қўйишни режалаштирган. Бу эса унинг фаолияти янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Аслида ҳар қандай ютуқ изланиш, тажриба ва узлуксиз ҳаракат самарасидир. Бир қарашда оддий туюлган плёнка остида узум етиштириш тажрибаси ҳам ана шу интилишларнинг амалий ифодасидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун Булоқбошида синовдан ўтаётган ушбу янгилик эртага бошқа ҳудудларда ҳам оммалашиб, узумчиликда янги йўналишга айланиши, шубҳасиз.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер