Пленумда қайси қарор лойиҳалари муҳокама этилди?

22:08 25 Октябр 2019 Жамият
1522 0

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтган ушбу мажлисда судьялар, парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлар тўғрисида”ги ва “Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти ҳақида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.

“Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан биринчи инстанция судининг ажримлари мазмуни ва уни ижро этишнинг умумий қоидалари Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли нормалари билан тартибга солинган.

Биринчи инстанция судининг ажримлари қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ҳам, суд мажлиси баённомасига киритган ҳолда жойида ҳам чиқарилиши мумкин.

Иш бўйича иш юритиш жараёнида юзага келадиган алоҳида процессуал масалалар бўйича ажримлар ҳам, иш бўйича иш юритиш тугатиладиган (аризани кўрмасдан қолдириш, ишни иш юритишдан тугатиш тўғрисида) ажримлар ҳам чиқарилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, суд ўз хоҳишига кўра қайд этилган ҳар қандай масалалар бўйича алоҳида процессуал ҳужжат кўринишидаги ажрим чиқаришга ҳақли.

Шунингдек, “Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти ҳақида”ги қарор лойиҳаси маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан бу борадаги қонун талабларини тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Йиғилишда муҳокама этилган Пленум қарорлари фуқаролик ва маъмурий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Якунда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, қарорлар лойиҳалари бир ойдан кейин видеоконференцалоқа тарзида қайта кўрилиши айтилди.

Нодира Романова

Ўзбекистон журналистика ва
оммавий коммуникациялар

университети талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер