«Пиёзчилик» маҳалласида ҳар бир оила тадбиркор
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Юртимизда ҳар бир оила доимий даромад манбаига эга бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадда ҳар бир маҳалланинг драйвери аниқланиб, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, томорқадан самарали фойдаланиш каби йўналишларда ҳаётбахш дастурлар рўёбга чиқариляпти.
Тошлоқ туманидаги «Пиёзчилик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5 минг 401 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оилалар сони эса икки мингдан зиёд. Айни пайтда аҳолининг 70 фоизга яқини маҳалланинг асосий драйвери бўлган косибчилик билан шуғулланади. Бу борада 100 нафардан ортиқ лидер тадбиркорлар касаначилик асосида бир неча юзлаб маҳалладошларини доимий иш ўрни билан таъминлаган.
Дилнозахон Мамажонова ҳам тўрт йилдан буён косибчилик билан шуғулланиб, дастлаб ўз хонадонида беш нафар хотин–қизлар билан иш бошлаган эди. Бугунги кунда ҳунарманднинг хонадонида ва қўшимча ижарага олган бинода 30 дан кўпроқ аёллар ишлайди.
Тадбиркор ўтган йили маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 50 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, замонавий тикув машиналари харид қилди ҳамда қўшимча иш ўрни яратди.
— 2023 йили косибчилик йўналишида 35 та оилага янги тикув машиналари олиб беришга кўмаклашилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида 15 нафар ҳунармандга 384 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб берилишига эришилди, — дейди «Пиёзчилик» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Акрамжон Раҳмонов. — Бунинг натижасида маҳаллада ҳунармандчилик ва тадбиркорлик жадал ривожланяпти. Эндиликда ҳудудда тадбиркорликка алоқаси бўлмаган оиланинг ўзи йўқ.

Маҳалладаги деярли ҳар бир хонадон буюртма асосида эркаклар, аёллар ҳамда болалар пойабзалларини ярим тайёр ҳолда етказиб берилади. Бу маҳсулотлар улгуржи нархда мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказилади, шу билан бирга қўшни Тожикистон ва Қирғизистонга ҳам экспорт қилинади Ҳар бир косиб иш кўламига қараб, ойига ўртача 3–5 миллион сўм даромадга эга бўлади.
Шунингдек, маҳалладаги 39-умумий ўрта таълим мактабида ҳам косибчилик тўгараги ташкил этилган. Бу ерда маҳалланинг энг моҳир тадбиркорларидан бири Муҳайё Охунова 50 нафарга яқин ўқувчиларга косибчилик ҳунарини ўргатяпти. Дарсдан сўнг, ёзги таътил даврида таълим муассасасида барпо этилган косибчилик устахонасида ўқувчилар пойабзалнинг маълум бир қисмини тайёрлаш орқали бир ойда ўртача 1,5 – 2 миллион сўм даромадга эга бўлмоқда.
Маҳалла еттилиги томонидан бундан бир йил аввал ўтказилган ўрганиш давомида 191 нафар ишсиз борлиги қайд этилган. Жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра, «Пиёзчилик» маҳалласида бор-йўғи 7 нафар ишсиз қолган. Масъулларнинг маълум қилишича, яқин кунларда тадбиркорлик йўналишида 20 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Ўз–ўзини банд қилиш мақсадида 2 нафар ишсизга скутер моторолёри олиб берилмоқда.
Қувонарлиси, оилалар тўкислиги, фаровонлиги маҳалладаги янгиланиш ва ўзгаришлар тимсолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Яқинда «Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон» тамойили бўйича маҳалла фуқаролар йиғинига янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Олтита савдо ва хизмат кўрсатиш дўконлари ишга туширилди, фаолиятини тўхтатган 10 га яқин тадбиркорлар яна иш бошлаши учун кўмаклашилди. Электр тармоқлари янгиланди. Ичимлик суви тармоқлари ва ички йўллар сифати яхшиланди. Аҳоли хонадонлари таъмирдан чиқарилди.
Мухтасар айтганда, «Пиёзчилик» маҳалласида тадбиркорлик ва давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли эришилаётган ютуқлар салмоқли ва бардавом бўлмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг