«PISA» ва «PIRLS» тадқиқотларини ўтказиш муддатлари ўзгарди

10:44 26 Июнь 2020 Жамият
34323 0

Ўқувчиларни баҳолаш халқаро PISA ва бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро PIRLS дастурлари доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадқиқотларнинг муддатларига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати маълум қилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон илк бор иштирок этаётган ушбу халқаро тадқиқотлар доирасида тажриба-синов жараёнлари 2020 йилнинг апрель-май ойларида, асосий тадқиқотлар эса 2021 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши белгиланган эди. Бироқ дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус билан боғлиқ пандемия шароитида режалаштирилган тадқиқотлар вақтинча тўхтатилганди.

Ҳозирги вақтга қадар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) каби ташкилотлар томонидан тадқиқотда қатнашувчи мамлакатлар, дастурнинг бошқарув кенгаши аъзолари, халқаро экспертлар кенгаши ва консорциумлар ҳамда мамлакатлардаги Миллий марказлар иштирокида тадқиқотларнинг ташкил этилиш муддатларини белгилаш бўйича муҳокамалар олиб борилди.

Муҳокама ва мунозаралардан сўнг «PISA» ва «PIRLS» дастурлари доирасида тадқиқотлар ўтказилиши юзасидан қуйидаги муддатларни белгилаш бўйича халқаро ташкилотлар томонидан қарорлар қабул қилинди:

– PISA дастури доирасидаги тадқиқотлар бир йил муддатга кечиктирилади. Бунда 2020 йилда мўлжалланган тажриба-синовлар 2021 йилнинг апрель-май ойларида, 2021 йилга мўлжалланган асосий тадқиқот эса 2022 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилади.

– тадқиқотнинг 3 йиллик даврийлигини инобатга олган ҳолда, 2024 йилга мўлжалланган тадқиқотлар ҳам, ўз навбатида, 2025 йилга кўчирилди.

«PIRLS» дастури доирасидаги асосий тадқиқот кечиктирилмади ва ўз муддатида, яъни 2021 йилнинг апрель ойида ўтказилиши бўйича режалар ўз кучида қолди. Бунда, 2020 йил апрель ойига режалаштирилган тажриба-синов жараёнларини карантин шароити барқарорлашган тақдирда 2020 йилнинг октябрь ойига кўчирилиши режалаштирилди.

Таъкидлаш керак, «PIRLS» дастури талабларига мувофиқ, синовлар танлаб олинган мактабларнинг 4-синфлари ўртасида ўқув йилининг охирги ойларида ўтказилиши кўзда тутилган.

Лекин, кутилмаган пандемия туфайли тажриба-синовлари истисно тариқасида янги ўқув йилининг илк ойларида ўтказилиши мўлжалланмоқда. Бунда аввал танлаб олинган мактаблар рўйхатига ўзгартириш киритилмайди. Янги режалаштирилаётган тажриба-синов муддатига кўра, танлаб олинган мактабларнинг 4-синф ўқувчилари 5-синфни бошлаган бўладилар.

Маълумки, Президентимиз томонидан юртимизда ушбу тадқиқотларга тайёргарлик бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида «PISA» (The Programme for International Student Assessment) Ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг 2021 йилда биринчи 70 таликка, 2025 йилда 60 таликка ва 2030 йилга келиб эса, биринчи 30 та илғор мамлакатлар қаторига киритиш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер