Пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Янги йил шодиёналари оила даврасида кўтаринки кайфиятда ўтказилади. Шу боис байрам кунлари пиротехника воситаларидан фойдаланиш кўплаб нохушликларни келтириб чиқариши мумкин.
Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.
Навбатдаги тезкор тадбир давомида “Ласетти” ва “Кобальт” русумли автомашиналар Олтиариқ туманидан Қўштепа тумани ҳудудига ҳаракатланиб келиб йўл четига тўхтаган вақтида белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, бунинг натижасида “Кобальт” русумли автомашина салони ва юкхонасида мамлакатимизга божхона назоратини четлаб олиб кирилаётган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 10 дона қутиларда дастлабки қиймати 57,8 млн. сўмлик 5960 дона пиротехника воситалари олиб кетилаётгани, “Ласетти” русумли автомашина салони ва юкхонасида эса 3 дона қутиларга солинган дастлабки қиймати 38,6 млн. сўмлик 5624 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида қиймати 96,4 млн. сўмлик 11 минг 584 дона пиротехника воситалари далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг