Пешкуда аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун 39 млн млн доллар сарфланади
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилоятининг чекка туманларидан саналган Пешкуда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири саналади. Бундан бир ярим йилча муқаддам Пешкў ва унга қўшни Ромитан туманларининг олис ҳудудида яшовчи аҳолини марказлашган сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қиймати 70 миллиард сўмга тенг “Зарафшон-Пойжўй-Қоқиштувон” бош сув тармоғини қурилиш ишлари поёнига етган ва 41 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш манбаси яратилганди.
Эндиликда эса, Пешкуда яна бир йирик лойиҳани рўёбга чиқариш тараддуди бошланди. Гап ичимлик суви тизимини реконструкция ва модернизация қилишга оид лойиҳа ҳақида бормоқда. Унга мувофиқ, Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида 39 миллион АҚШ доллари миқдорида қурилиш – монтаж ишлари амалга оширилади. “Хўжа Пешку”, “Дедароз”, “Сусана”, “Кудрашейх”, “Қумқўрғон” сув иншоотлари замонавий технологик линиялар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, 421 километр масофага сув тармоқлари тортилади. Натижада туманнинг энг чекка қишлоқлари аҳолиси ҳам тоза об – ҳаётдан баҳраманд бўлади.Бу юмушлар республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги Бухоро вилоятининг ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш, модернизация қилишга қаратилган қарори асосида бажарилади.Туман ҳокимлигида ўтказилган жамоатчилик эшитувида мазкур лойиҳа ҳақида атрофлича маълумот берилиб, кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки (AIIB) ажратган кредитлар воситасида Бухоро вилоятида аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 90 фоизни, канализация билан қамраб олиш эса 70 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг