Пешона тери билан топилган бир бурда нонга не етсин — Қаҳрамон Қодиров

16:55 15 Февраль 2024 Жамият
648 0

Сайёр қабулларда моддий ёрдам сўраб келаётган тўрт мучаси соғ, аммо ялқовлик муҳтожликнинг дояси эканини англамаётган фуқароларни ҳам тез-тез учратасан, киши. Шундай пайтда боқимандаликни ўзига касб этган бундай одамларни беихтиёр Қоракўл туманидаги Янги турмуш маҳалласида яшовчи Қаҳрамон Қодировга рўбарў қилгинг келади.

Гап шундаки, 52 ёшли бу юртдошимиз ногиронлиги сабаб мустақил ҳаракат қила олмайди. Боз устига ёлғиз яшайди. Кундалик юмушларни минг бир машаққат билан бажаради. Лекин у руҳан тушкунликка берилгани йўқ. Уйи олдидаги енгил конструкцияли хонада аҳолига компьютер хизмати кўрсатиш билан шуғулланади. Ойига ўртача 1 – 1,5 миллион сўм даромад қилади.

— Боқимандалик мен учун бегона, — дейди у. — Пешона тери билан топилган бир бурда нонга нима етсин?!

Яқинда туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари шу маҳаллада ўрганиш ишларини олиб боришди. Табиийки, сабрга суяниб яшаётган бу замондошимиз эътибордан четда қолмади. Қаҳрамон Қодировнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб унга электрон аравача совға қилинди. Бугина эмас, марказ томонидан Бартер ва Лоутон шкаласи бўйича баҳолаш ўтказилди. Бошқача айтганда, унинг мустақил ўрнидан тура билиши, ҳаракатлана олиши, кийиниши, бир сўз билан айтганда, реал имкониятлари баҳоланди ва Қ. Қодировга ассистент бириктириб берилди. Қолаверса, унинг иш шароитини яхшилаш мақсадида уйи атрофидаги умумтаълим мактабидан жой ҳам ажратилди.

Маълумотларга қараганда, Бухоро вилоятида 54 минг 700 нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. 2023 йил давомида уларнинг 216 нафари тўлиқ реабилитация қилинган, 248 нафарининг ногиронлиги енгиллаштирилган. Шунингдек, 429 нафар кишига ногиронлик аравачаси, кўплаб эҳтиёжманд фуқароларга эшитиш мосламаси, оёқ ҳамда қўл протези, қўлтиқтаёқ ва бошқа керакли жиҳозлар берилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер