Пенционерларнинг моддий фаровонлиги янада ошади — қонун лойиҳаси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижара муносабатлари ва пенсия таъминоти борасидаги ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ижарачи ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати ижара шартномасини тўхтатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Шунингдек, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда пенционерларга ҳисобланган, лекин улар томонидан талаб қилиб олинмаган пенсияларни олиш муддати икки бараварга, яъни ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтирилиши, пенсиялар миқдори йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатлари инобатга олинган ҳолда ошириб борилиши, шунингдек озодликдан маҳрум қилинган даврида маҳкумлар томонидан амалга оширилган фаолият даври пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олиниши белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши пенционерларнинг моддий фаровонлигини янада ошишига, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларига оид ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг