Педагогларнинг мақоми янада оширилади

09:11 02 Май 2023 Сиёсат
720 0

Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносиб. Шу боис, кейинги йилларда уларнинг моддий турмуш шароитларини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.

Хусусан, педагогларнинг иш ҳақи бир неча марта оширилиб, алоҳида устамалар жорий этилди, иш юкламалари мақбуллаштирилди. Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, уларнинг ойлик маоши мутассил ошириб борилмоқда.

Аммо бу ишлар педагогларнинг фаолиятини тўлақонли бажаришига, етарли даражада моддий, ижтимоий ва касбий фаолиятига ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилишга, вазифаларига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилинмаслиги учун тўла acoc бўлиб хизмат қилмаяпти.

Ҳозирги кунда иқтидорли ёш авлод ва юқори малакали кадрларнинг педагогика фаолиятига кенг жалб этилишини таъминлаш учун уларга алоҳида ҳуқуқ ва имтиёзлар такдим этиш, педагог ходимнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш, жумладан, уларнинг мақомини алоҳида қонун билан белгилаш талаб этилади.

Шундан келиб чиқиб, педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини ошириш, фаолият билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган ушбу қонун лойиҳасидан бир қатор янгиликлар ўрин олган.

Масалан, қонун лойиҳаси билан таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр- қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини кафолатлаш мақсадида, шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш, илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш назарда тутиляпти.

— Бугун мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. Ўқитувчи барча юмушлардан озод этилди. Унинг олдида фақат ёш авлодни етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси Абдумалик Акромов. — Педагоглар меҳнатининг қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояга олингани фикримиз тасдиғидир. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали шубҳасиз, педагог ходимлар мақоми белгиланади, уларнинг жамиятдаги нуфузи ошади. Энг муҳими, педагог фаолиятига бўлган талаб ошган ҳолда таълим бериш янада кучаяди.

Муҳокамалар давомида депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Унинг бугунги кундаги заруратини ҳисобга олиб, бир овоздан маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, “Телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) фаолияти билан шуғулланиш учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер