Педагоглар диққатига! 16 мартга қадар аттестация имтиҳонлари ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар ёлғон
Ижтимоий тармоқларда 2026 йилнинг январь-июнь ойларида ўтказиладиган педагог кадрлар аттестациясининг малака синовлари қачон ўтказилиши тўғрисида хабарлар тарқалди.
Таълим назорати Telegram-канали интернетда тарқалаётган шу мазмундаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Унда айтилишича, шу йилнинг январь июнь ойларида ўтказиладиган педагог кадрлар аттестациясининг малака синовлари муддати ҳақидаги маълумотлар аввалги йиллардаги тест саналари бўлиб, педагоглардан бу каби асоссиз хабарларга ишонмасликлари сўралади.
Расмий тартиб бўйича Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги низомнинг 31 бандига асосан педагог кадрлардан ҳужжатларни қабул қилиш ҳар йили 1 март ва 1 октябрь саналарида тўхтатилади.
Педагоглар учун малака синовларини ўтказиш шакли ҳамда жадвали ҳар йили малака синовлари бошланишидан 10 кун аввал тасдиқланиб, педагог кадрнинг шахсий кабинетига юборилади.
Маълумот учун, 6 март ҳолатига кўра, тест синовлари жадвали расман эълон қилинмаган. Бу эса, амалдаги тартибга кўра, жорий йилнинг 16 мартига қадар синовлар бошланмаслигини англатади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг