Пайариқда янги ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Пайариқ туманида ҳам бу борада сезиларли ижобий ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, куни кеча 2023 йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1-мавсумида ғолиб ташаббуслар қаторидан жой олган Челак кўп тармоқли поликлиникасининг биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Эндиликда 30 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган мазкур тиббиёт муассасасида беморлар ва шифокорлар учун зарур барча қулайликлар яратилди.

Шунингдек, туманнинг “Ўзбекистон” маҳалласида ҳам янги оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди. Давлат дастури доирасида қуриб битказилган, 9 минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган янги бино бугун барча қулайликларга эга, замонавий ускуналар билан таъминланган тиббиёт масканларидан бирига айланди.

Туманнинг Бунёдкор маҳалласида эса иккита 5 қаватли бўлган уй-жойлар қуриб битказилди. 72 хонадондан иборат ушбу кўп қаватли уйлар қурилиши “Азимхон техно строй” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилди.
Мазкур янги объектларнинг очилиш маросимларида туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирларда сўз олганлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг