Пастдарғомда Африка туяқуши жўжаси етиштирилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Фирдавс Фаррух” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусан Ҳайдаров табиатан янгиликка интилувчан, тиниб- тинчимас инсон. Бундан 5 йил олдин у фермер хўжалигида нисбатан янги тармоқ -туяқуш етиштиришни йўлга қўйган эди. Бунинг учун Қозоғистондан 5 та, кейинроқ Фарғона вилоятининг Риштон туманидан 8 та туяқуш келтириб, парваришлай бошлади. Бизнинг иқлим шароитимизга мослашувчан бўлган туяқушлар тез орада 46 бошга етди.
Айни кунларда кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан туяқуш боқишни янада кенгайтиришга ҳаракат қилинмоқда. Гап шундаки, фермер хўжалиги қошидаги замонавий инкубаторда Африка туяқуши жўжалари очирилмоқда. Ушбу мақсадда ер ажратилиб, туяқуш боқиш учун керакли майдон ва ўтлоқлар барпо этилди. Айни пайтда бу ерда 120-150 килограмм вазнга эга ва йилига 80-100 донадан жўжа очадиган туяқушлар парваришланмоқда.
- Туяқуш 4 йилда репродуктив ёшга етади ва паррандачиликда бундай қушлар “Бридер” деб юритилади, - дейди Ҳусан Ҳайдаров. - Уларнинг ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил, зотдор туяқушлар 40 йил давомида тухум қўяверади. Унинг гўшти 10-12 йил давомида ўртача 72 тоннага етиши мумкин.Туяқуш боқишни йўлга қўйиш оилалар учун ҳам қулай ва даромадли бизнеслардан биридир. Ҳозирги вақтда фермер хўжалигимиз томонидан 46 дона туяқуш жўжалари аҳолига етказиб берилди. Бир дона туяқуш жўжаси 1,5 - 2 миллион сўмдан сотилмоқда. Келгусида туяқушлар сонини 100 тадан ошириб, аҳоли дастурхонига сифатли, парҳезбоп гўшт ва тухум етказиб беришни мўлжаллаб турибмиз.
Абдулазиз Йўлдошев, "Халқ сўзи".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг