Паррандачилик ортидан даромад кўраётган тадбиркор

10:43 02 Август 2024 Жамият
324 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Олот туманида истиқомат қилувчи Зокиржон Содиқов бундан уч йил муқаддам ёввойи ғоз, ўрдак, тустовуқ парваришлаб, уларни кўпайтиришга киришганди. Шунчаки ҳавас йўлига қилинган бу иш ташаббускор йигитни йилига салкам бир миллиард сўм даромад топадиган тадбиркорга айлантирди.

— Рисоладагидек парваришланган бир бош ғозни бир миллион сўмга, тухумининг донасини йигирма минг сўмга сотяпмиз, — дейди тадбиркор Зокиржон Содиқов. — Ҳудудимиздан ўтган зовурнинг 600 метрли қисми биз учун ажратилган. Балиқчиликни ҳам йўлга қўйганмиз.Ўн нафар ишчимиз бор. Бугунги кунга келиб ноёб турдаги паррандаларимиз сони 1200 бошга етди. Уларнинг бозори чаққон.

Юртимизда неча юз чақиримга чўзилган зовурлару захкашлар бениҳоя кўп. Агар омилкорлик билан фойдаланилса, улар битмас-туганмас хазинага айланиши тайин. Зокиржон Содиқовнинг тажрибаси худди шуни кўрсатмоқда. Дарвоқе, изланувчан бу юртдошимиз ноёб ва камёб ёввойи қушлару паррандаларни жамлаб туман марказида жонли бурчак ташкил этмоқчи. Шу орқали у ўғил-қизларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашдек хайрли ишга ҳисса қўшиш ниятида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер