Парламентни ислоҳ қилиш таклиф қилинди
Тошкент давлат юридик университетида «Конституциявий ўзгаришлар — олимлар нигоҳида» мавзусидаги илмий-амалий конференция давом этмоқда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.
Бу қоидаларнинг ўрнатилиши давлатимизнинг халқаро мажбуриятларига содиқлигини, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлишида, пировардида давлатимизнинг халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Қайд этилганидек, муҳокамаларга бой бўлган тадбирда ТДЮ кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Ихтиёр Беков сўз олиб, Олий Мажлис фаолиятини ислоҳ қилишда ҳар икки палата конституциявий ваколатларида такрорланишларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, бу борадаги хорижий тажриба таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларда парламентнинг қуйи палатаси «сиёсийлашган» палата ҳисобланиб, сиёсий партиялар фракциялари учун сиёсий майдон ҳисобланади ва аксарият давлатларда ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш бевосита қуйи палатанинг ваколатига киради. Юқори палаталар эса асосан ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилиш, маҳаллий ҳокимият органлари манфаатларини ифодалаш, ташқи сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва махсус хизмат идоралари фаолиятини назорат қилишга йўналтирилганини қайд этиб, Конституция лойиҳасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ваколат ва масъулият соҳаларини аниқ чегаралашни таклиф этди.
Мазкур ўзгартишлар парламент фаолиятида паралелизмга йўл қўймаслик ва ҳар икки палата иши самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг