Парламентаризм — демократик тараққиётнинг асосий омили

16:58 30 Июнь 2020 Сиёсат
3707 0

30 июнь — Халқаро парламентаризм куни 

Маълумки, дунёда 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни сифатида кенг нишонланади. 1889 йил айнан шу санада Парижда Парламентлараро иттифоқ — парламентларнинг глобал ташкилоти тузилган. 2018 йилнинг 22 майида эса БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида ушбу кунни Халқаро парламентаризм куни сифатида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Аслида ушбу сана парламент тизимининг ўрни ва унинг бутун дунё бўйича инсонлар ҳаётини яхшилашдаги ролини эътироф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, халқнинг фикри ҳамда иродасини акс эттирувчи кучли парламентлар демократиянинг асосий омили ва таянчи ҳисобланади. 

Давлат қурилиши борасидаги жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, жамиятни демократлаштириш фақат аҳолининг кенг қатламларини турли вакиллик органлари орқали ҳокимиятни амалга оширишга жалб этиш воситасида бажарилади. Шу боис ҳозирги замонда парламентаризм тобора ривож топаётган ҳодиса бўлиб, жамиятни бошқаришнинг прогрессив ва демократик тизими сифатида тавсифланади.

Бугун парламент муассасалари дунёнинг 190 дан ортиқ давлатларида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг деярли 80 тасида икки палатали, қолганларида эса бир палатали қонун чиқарувчи органлар иш юритади.  Бу жуда муҳим, чунки парламент жамиятнинг турли-туман қатламларини яхлит тарзда бирлаштирадиган ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ёқлайдиган ягона институтдир. Унинг энг бирламчи вазифаси, шубҳасиз, жамиятдаги турли манфаатларни юрт равнақи йўлида бирлаштиришдан иборат. Бундан ташқари, ривожланган мамлакатларда парламент давлат ва жамиятнинг бошқа институтлари билан турли алоқалар тизимини йўлга қўйиш буйича муҳим коммуникация воситаси вазифасини ўтаб келаётганидан хабаримиз бор. Содда қилиб айтганда, у давлат ва халқ ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Шу жиҳатдан парламентаризмнинг нечоғлик равнақ топганлигига қараб, демократик тараққиёт, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигига риоя қилиш, умуман эса фуқаролик жамиятининг тараққиёти даражасини белгилаш мумкин бўлади.

Таъбир жоиз бўлса, бу қоида мамлакатимизда ҳам амал қилиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йил Парламентга йўллаган Мурожаатномасида “Янги Парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади — Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт”, деганда ана шу халқаро тажрибага ишора қилган эди, десак айни ҳақиқат. Биргина шу сўзлар билан юртимизда парламент, парламентаризмнинг халқ учун нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги кўз олдимизда яққол гавдалантириб бердики, бу биз, парламент вакилларидан юксак масъулият билан меҳнат қилишни талаб этади. Қолаверса, кейинги фаолиятимизда шу талаб устуворлик қилиб келяпти, десак муболаға эмас.

Дарҳақиқат, юртимиз парламенти бугун мутлақо янгича шароитларда фаолият олиб бораётир. Яъни бугун даврнинг ўзи бизнинг олдимизга аввал мисли кўрилмаган, лекин парламент функцияларига тўлалигича мос вазифаларни қўя бошлади. Президентимизнинг бу йилги Мурожаатномасида мазкур вазифалар аниқ кўрсатиб берилди. Хусусан, аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, уларни мутасадди идоралар томонидан тўлиқ амалга ошириш зарурлигини, ушбу йўналишдаги ишларнинг бажарилиши юзасидан парламент назоратини ўрнатишни алоҳида таъкидлади. Шу маънода, Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик органи сифатида ўз олдига қўйган вазифаларга алоҳида масъулият билан ёндашиб, уларни ўзининг ваколатлари доирасида ҳал этиб келяпти. Жумладан, сенаторлардан ҳар бири республикамизнинг муайян ҳудудларига бириктирилди, Сенат қўмиталарининг жойлардаги Кенгашларнинг доимий ишлайдиган комиссиялари, уларда фаолият юритаётган депутатлар билан яқиндан ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, кейинги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги улкан салоҳияти юзага чиқа бошлади. Бу борадаги ишлар, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаси даражасини ошириш мақсадида семинар ва ўқувлар ташкил этишдан бошланди. Бу, ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлар фаоллигини тубдан ошириш, уларнинг ваколатларидан кенг фойдаланиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.

Ҳар бир маҳаллий Кенгашларда ўзлари йиғилиб, муаммоларни муҳокама қилишлари учун алоҳида “депутатлар хонаси”, “сенаторлар хонаси” ташкил этилди, аҳолини қабул қилишлари учун шароитлар яратилди.

Бу жиҳат пандемия даврида янаям яққол намоён бўламоқда. Хусусан, карантин даврида бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидан аҳолининг кам таъминланган ва муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жараёнида сенатор ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари янада жипслашди. Улар биргаликда одамлар билан елкама-елка туриб, муҳтожларга ёрдам бермоқда, ажратилган моддий ёрдамлар ўз эгаларига манзилли етиб бориши устидан қатъий назорат ўрнатмоқда.

Қаерда парламент тараққиёт сари дадил одимлайди? Албатта, изланиш, интилиш ва рағбат бўлган жамиятда. Бу жиҳатдан биз ҳар қанча фахрлансак арзийди. Гап шундаки, сўнгги уч йилда Ўзбекистонимиз улкан ислоҳотлар палласига қадам қўйди ҳамда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал тус олдики, бу парламент ривожига ҳам таъсир қилмасдан қолмади. Жамиятдаги ҳар бир янгиланиш, ўз навбатида, парламентаризм йўналишидаги имкониятларимизни очиб юборди. Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг том маънодаги мустақиллиги таъминланди, парламентнинг  ваколатлари кенгайтирилиб, унинг зиммасига юклатилган вазифалар аъло даражада бажарилиши учун шарт-шароитлар яратилди. Натижада эса Олий Мажлис Сенати фаолияти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Қонунларни қабул қилмасдан олдин маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳудудлар манфаатларининг қонунларда акс эттирилиши, қабул қилинган Президент Фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, “Йўл хариталари”нинг бажарилиши аҳволи юзасидан давлат идоралари, маҳаллий ҳокимиятлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш жорий этилди.

Бугун Парламентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги вазифаларни бажарилишини таъминлашга ҳам қатъий бел боғлаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди.

Ушбу янги тузилманинг асосий вазифаларидан бири — Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ижро ҳокимияти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ушбу мақсадлар ҳар бир ҳудудда бажарилишини таъминлашдан иборат. Бу йўлда Парламент комиссияси Ҳукумат ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини қўллаб-қувватлайди, назорат қилади ва унга кўмаклашади. Шуниси эътиборлики, Сенат томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида юқорида айтганимиз — халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан кенг фойдаланиляпти. Шу мақсадда улар сенаторлар раҳбарлигида ҳар бир мақсад бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг жойларда бажарилишини ўрганиб бормоқда, юзага келган муаммоларни амалий ҳал этиш чораларини кўрмоқдалар. Агар ушбу муаммоларни маҳаллий ёки ҳудудий даражада ҳал қилиш имкони бўлмаса, улар Сенатга олиб чиқилмоқда. Айнан шу каби саъй-ҳаракатларимиз юқори палата обрўсининг юксалишига, халқимизнинг унга бўлган ишончининг тобора ортиб боришига хизмат қилади, деган ниятдамиз.   

Мунтазам равишда Парламент ва жамоатчилик эшитувлари ташкил этилмоқда. Олдимизга қўйилган вазифаларнинг ҳар бири ижроси юзасидан аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга ошириляпти, мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари ишлаб чиқилиб, ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилмоқда. Албатта, бу интилишлар ҳам ўз самарасини бермасдан қолмаяпти. Яъни жойларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар бирин-кетин ҳал қилинмоқда.

Шундай қилиб, бугунги кунда мамлакатимиз парламенти фаолияти давлатимиз ва жамиятимиз учун муҳим бўлган барча йўналишларда изчил ривожланмоқда. Буни парламент қошидаги турли тузилма ва институтлар фаолияти кейинги йилларда сезиларли даражада ошгани мисолида ҳам кўриш қийин эмас. Бугун улар ишида самара яққолроқ сезилмоқда. Улардан бири — Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси. Унинг Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлиги натижасида мамлакатимизда болалар меҳнатига ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилди, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Бу ҳолат дунё миқёсида ҳам тан олинаётгани алоҳида эътиборга молик. Хусусан, АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг яқинда эълон қилинган одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга бағишланган йиллик ҳисоботида “Марказий Осиёнинг баъзи мамлакатлари одамларни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбурлаш бўйича узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари минтақа давлатлари учун ушбу муаммога қарши курашнинг янги стандартларини намойиш этмоқда”, деган эътирофи, албатта, ҳар бир ўзбек фарзандини қувонтиради. Бу эса, ўз-ўзидан, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ва шу янгиланишларга камарбаста бўлиб келаётган парламентимизнинг ҳам ютуғидир.

Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш соҳасида эришилган натижалар хусусида тўхталар эканмиз, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласини четлаб ўта олмаймиз. Чунки бу йўналишдаги ютуқларимиз мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш республикамиз сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири саналади. Шундан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг қонун ижодкорлиги ва бошқарув қарорларини қабул қилишдаги иштирокини таъминлашга катта эътибор қаратила бошланди. Жумладан, бу борада Олий Мажлис Сенатида гендер комиссияси ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган йилда парламентимиз томонидан иккита муҳим ҳужжат, яъни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Гендер тенгликни таъминлаш юзасидан миллий стратегия ишлаб чиқилди.

Давлат миқёсида қарорлар қабул қилиш жараёнида аёлларнинг иштирокини кучайтириш, уларни депутат, сенатор, вазир, ҳоким ва элчи каби масъулиятли лавозимларга сайланиши ва тасдиқланиши ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётга юксак эътибор намунасидир.

Ўзбекистонда парламентаризм тараққиётининг яна бир йўналиши – олий қонун чиқарувчи органнинг давлатимизнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва халқаро майдондаги нуфузини яхшилашдаги иштирокини кучайтиришдан иборат. Айнан шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан парламент раҳбарлигида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди. Бу фаолиятимиздаги янги ва ниҳоятда долзарб йўналиш. Мазкур Кенгашнинг асосий вазифаси мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш орқали Ўзбекистоннинг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилашдан иборат. Бунда асосий эътибор қуйи бўғинларга қаратилади. Яъни рейтингларга таъсир қилаётган сабаб ва омиллар вилоят, туман ва лозим бўлса маҳалла даражасида ўрганилади ҳамда бартараф этиш чоралари излаб топилади.

Бу масалада ҳам маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликнинг ўрни катта. Биз халқаро рейтинг ва  индексларда республикамизга берилган баҳо — бу ҳудудларга берилган баҳо деб қарашга ўрганяпмиз.

Демак, Кенгашнинг асосий вазифаси — нафақат мамлакат миқёсида, балки 14 та ҳудуд ва барча тармоқларда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини таъминлашдан иборатдир.

Умуман, бугунги кунда парламентаризмни ривожлантириш ўта долзарб аҳамиятга эга. Негаки, инсоният дуч келаётган мисли кўрилмаган хатарлар олдида, аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, демократияни башарият тараққиётининг асоси сифатида қўллаб-қувватлаш вазифалари тобора янгича мазмун-моҳият касб этиб бормоқда. Демак, республикамизда бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш орқали олдимизга қўйилган улкан мақсадларга эришамиз. Муҳими, бизга умид кўзи билан қараб турган юртдошларимизнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Танзила НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати Раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер