Парламент эшитуви: тиббиёт муассасасидан 10 км.дан узоқда жойлашган 359 та маҳаллага бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш керак
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар cоғлиқни сақлаш вазири А.Иноятовнинг «Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳолати ва истиқболи тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилаш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгарди. Ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 2022 йилда 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари, жорий йилда 8500 та доя штатлари ажратилди, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий УЗИ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланди.
Шунингдек, қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувлари ўтказилиши йўлга қўйилди, универсал-прогрессив патронаж модели жорий қилинди.
Мажлисда қайд этилганидек, бирламчи тиббий хизматни аҳолига янада якинлаштириш максадида шундай муассасалар 2021 йилдан бошлаб янгидан ташкил этилиши йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 1-октабр ҳолатига 2022 йилга нисбатан оилавий поликлиникалар 1046 дан 1074 тага, оилавий шифокорлик пунктлари 1062 дан 1234 тага етди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар яна 17 та оилавий шифокорлик пункти, 8 та оилавий поликлиника очилиши режалаштирилган.
Бундай муассасаларнинг моддий техник базасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 149 таси таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Уларга 32 турдаги асбоб ускуналар етказиб берилган.
Шу билан бирга, «Электрон поликлиника» тизими жорий этилиб, 27 турдаги журнал ва ҳужжатлар 16 та электрон шаклга келтирилди ва қоғозбозлик камайди. Бундан ташқари, «электрон поликлиника» тизимида 2500 дан ортиқ бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари(БТСЙМ) ишламоқда. 2023 йил - октабр ҳолатига 32 млн. дан ортиқ аҳоли электрон ахборот тизими орқали БТСЙМга бириктирилган.
Бугунги кунда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларидан оилавий шифокорлик пунктида 68 турдаги, оилавий поликлиникада 85 турдаги, кўп тармоқли туман поликлиникасида 110 турдаги, туман марказий шифохонасида 257 турдаги касалликлар бўйича кафолатланган пакет ишлаб чиқилган. Унга асосан бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда. 2022-2023 йилларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлов материаллари билан таъминланиши 66 турдан 120 турга оширилди. Бундай муассасаларда 18119 та кундузги шифо ўринлари ташкил этилиб, уларнинг фаолияти 20:00 га қадар узайтирилди. Кундузги стационарларда 620 минг нафар беморга уйидан ажралмаган ҳолда даволаниш имкони яратилган.
Юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича 12 млн. нафар болаларнинг 98 фоизи 13 турдаги вакциналар билан эмланган. Спинал мушак атрофияси билан касалланган болаларни даволаш учун дори воситалари эҳтиёжга кўра 100 фоиз етказиб берилган.
Депутатлар бирламчи тиббий санитария муассасаларини шифокорлар билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш, ходимларни рағбатлантириш ишларини тўлиқ йўлга қўйиш, режалаштирилган поликлиника, оилавий шифокорлик пунктларини ўз вақтида ташкил этиш, бундай муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қуриш таъмирлаш ишларига эътиборни кучайтириш, тиббиёт муассасасидан 10 км.дан узоқда жойлашган 359 та маҳаллага бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш кераклигини айтиб ўтдилар. Шунингдек, таълим муассасаларида таълим олаётган болаларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш ишларини таъминлаш лозимлиги ҳам қайд этилди.
Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган парламент эшитувида депутатлар ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган тиббий бригадалар фаолиятини янада жонлантириш, аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг