Паркентга поезд келди
Паркент – бетакрор юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ривожланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги янада ортиб бораётган сўлим масканларидан бири. Эндиликда фаровонлик янги бу манзилига темир йўли орқали ҳам бориш имконияти яратилди.
Байтқўрғон – Паркент темир йўли қуриб битказилди. Темир йўлда бир кунда 275 минг нафаргача йўловчини ташиш мумкин. Узунлиги 23,8 километрдан иборат бўлган темир йўлида 3 та кўприк, 1 та автомобиль йўл ўтказгичи, 76 та сув ўтказиш иншооти ва 16 та автомобиль йўли ҳамда темир йўл кесишмалари қурилди. Шунингдек, “Паркент” темир йўл станцияси ва 50 ўринли йўл вокзал ҳам барпо этилди.

– Яқин-яқингача ҳам бу ерга поезд келади, деса одамларнинг тасаввурига сиғмас эди, – дейди паркентлик меҳнат фахрийси Мирҳожи Мирҳалилов. – Бугун эса тасаввурга сиғмас ислоҳотлар кўз ўнгимизда содир бўляпти. Паркентимизда янги шаҳарчанинг қурилиши ва янги темирйўлнинг ётқизилиши бизни жуда хурсанд қилди. Одамларнинг ҳаётига, тафаккурига янгилик, янги нафас олиб кирди.
Умумий қиймати 224,1 миллиард сўмлик Байтқўрғон – Паркент темир йўли линиясининг қурилиши ва замонавий поездларнинг ҳаракатланиши тез орада Тошкент вилоятидаги яна бир сўлим масканда туризм имкониятларини ошириш ва одамлар учун қулайлик яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Отабек ИСРОИЛОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг