Пандемия соғлиқни сақлашнинг илм-фан йўналишида ҳали билимларимиз заиф эканини кўрсатиб қўйди — Президент

22:22 01 Октябр 2020 Жамият
1083 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида юртимиздаги илм-фан масаласига эътибор қаратди.

"Айни пайтда олий таълим соҳасида бир қатор муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлаш лозим. Бу муаммолар нималардан иборат? Уларни ҳал этиш учун қандай тадбирларни амалга оширишимиз керак?

Аввало, соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, айниқса, ҳудудларда нодавлат олий ўқув юртларини ташкил этиш секин бормоқда. Мана, Фарғонада Корея билан, Хоразмда Малайзия билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари ташкил этиляпти. Лекин, нима учун бошқа вилоятларда бундай ҳаракатлар сезилмаяпти?

Аксарият битирувчиларнинг билим ва малакаси меҳнат бозори талабларига жавоб бермаётганини ҳам тан олишимиз керак. Маҳаллий таълим муассасаларида инновацион фаолият ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш даражаси жуда паст. Тизимда илмий даражали ўқитувчилар улуши ўртача 37 фоиз экани бизни қониқтирмайди. Ҳудудларда бу кўрсаткич янаям паст даражада сақланиб қолмоқда.

Олий таълим масканларини илмий лабораториялар билан жиҳозлаш, тизимда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш даражаси ҳам паст эканини қайд этиш лозим.

Сир эмас, бугунги пандемия жуда кўп соҳалар қаторида соғлиқни сақлашнинг илм-фан йўналишида ҳам ҳали билимларимиз заиф эканини кўрсатиб қўйди. Барчамиз бундан жиддий хулоса қилишимиз керак", деди давлат раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер