Пахтачилик тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди
Фото: “Халқ сўзи”
“К.G.2020” (қисқартирилди) оилавий корхонаси ҳамда Паяриқ туман Ободонлаштириш бошқармаси ўртасида жорий йил 1 июнида шартнома имзоланган бўлиб, унга кўра, корхона бир йиллик (Петуния, Шафран, Катарантус, Салвия, Зина, Бананза, Қора Райҳон) 109 000 дона умумий қиймати 247 430 000 сўмлик манзарали гуллар етказиб берган. Бироқ, ободонлаштириш бошқармаси бугунгача шартнома шартларини бажармаган.
“Қўл билан бериб, оёқ билан югураман” деганларидек, ҳам хизмат кўрсатиб, ҳам ўртада сарсон бўлган оилавий корхона раҳбари Ў.Ш. Пахтачи туман адлия бўлимига қонуний ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида, бошқарма масъуллари чиндан ҳам тадбиркор хизматидан фойдаланиб, унга тегишли хизмат ҳақини тўлаб бермагани ўз исботини топди. Яъни, шартноманинг 2.11-бандида етказиладиган “товарлар” учун олдиндан тўлов миқдори 30 фоизни ташкил этиб, қолган 70 фоиз қисми “товарлар” тўлиқ етказиб берилгандан сўнг тўланиши белгиланган. Аммо тадбиркор белгиланган муддатидан олдин шартнома шартларини бажарган бўлишига қарамай, шартномада назарда тутилган пул маблағлари тўлаб берилмаган.
Туман адлия бўлими жавобгар Паяриқ туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан тадбиркор фойдасига жами 247 430 000 сўм муддати ўтган қарздорлик маблағини ундириб беришини сўраб Паяриқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди ҳамда суд қарори асосида тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг