“Пахта нефт сақлаш” МЧЖ омборхонасидаги ёнғин бартараф этилди
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳудудида жойлашган “Пахта нефт сақлаш” МЧЖ омборхонасида бугун, 26 ноябрь куни соат тахминан 10:30да ёнғин келиб чиққан.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, омборхона ҳудудидаги 5000 м.куб сиғимли ёқилғи резервуарида ёнғин келиб чиққан. Унда тахминан 120 тонна енгил алангаланувчи суюқ ёқилғи бўлган. Мазкур ҳолатни бартараф этиш учун воқеа жойига ФВВнинг 35 та махсус техникаси ҳамда 130 нафар ходимлари жалб этилган.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра эса, вазир Алишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни бевосита ўрганиш ҳамда тегишли чора кўриш учун зудлик билан воқеа жойига етиб борди.
Дастлабки хулосаларга кўра, махсус насослар орқали суриб олиш ишлари бажарилаётганда учқун чиқиб, ёнғин юзага келгани тахмин қилинмоқда. Маълум қилинишича, ёнғин соат 14:19да ўраб олиниб, 18:15 тўлиқ бартараф этилди.
Қайд этилишича, ёнғин натижасида жароҳатланган ёки жабрланганлар йўқ.
Айни вақтда, воқеанинг келиб чиқиш сабаби бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг