«Ўзсувтаъминот» АЖ тизимида ўтган йилда қарийб 46 млрд сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилган

14:32 15 Февраль 2023 Жамият
773 0

АОКАда ўтказилган брифингда мазкур акционерлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов 2022 йилда тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Ўтган 2022 йилда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бир қатор ишлар бажарилди.

Хусусан, Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси томонидан «Жамиятнинг яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича «йўл харитаси», «Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати», «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом» каби коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 16 та ички норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Жамиятга ходимларнинг ишга қабул қилиш жараёнини очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган.

2022 йил мобайнида Жамият ҳамда унинг тизим ташкилотларида жами 68 та манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, улардан

44 таси бартараф этилган, қолганлари жойлардаги «Одоб ахлоқ» комиссияларига кўриб чиқиш учун юборилган.

Шунингдек, Жамиятнинг алоқа каналлари орқали ходимларнинг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупциявий қонунбузарликлар билан боғлиқ масалалар тўғрисида жами 893 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси қонун доирасида ҳал этилган.

Ҳисобот даврида Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари инспекторлари томонидан 393 та мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, улар давомида 45,7 миллиард сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Аниқланган камомад ва ўзлаштиришлар бўйича жами 6,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ва товар-моддий бойликлар Жамият ҳамда унинг ҳудудий корхоналарининг ҳисоб-рақамларига ундирилган. 25,4 миллиард сўмлик камомад, ўзлаштириш ва талон-тарож ҳолатлари бўйича жами 117 та ҳужжат қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ҳамда унинг тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ички назорат тузилмаларида меҳнат қилаётган жами 23 нафар ходимнинг малакасини ошириш мақсадида улар учун мунтазам равишда махсус ўқув семинар-тренинглар ташкил этилиб келинмоқда.

Коррупциявий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ҳисобот даврида комплаенс-назорат хизмати ходимлари томонидан Жамиятнинг тизим ташкилотлари, маҳаллалар ва таълим муассасаларида мавзуга оид 585 та учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер