Ўзингизни заҳарламанг...

14:14 03 Май 2019 Жамият
593 0

“Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхшироқ”, дейди доно халқимиз. Шундай экан, ҳар бир киши соғлом турмуш тарзига риоя этса, бу нур устига нур. Аксинча бўлса-чи?

Бугунги кунда касалликларнинг тури кўпайиб, соҳа мутахассисларини улар даволаш йўлларини топиш устида тинимсиз изланишлар олиб бораётган бир вақтда бир тоифа одамлар борки, улар била туриб ўзларини касалликлар домига тортмоқда. Масалан, чекишга муккасидан кетиш оқибатида одамзод ўз умрини ҳам ­хазон қилмоқда, шу билан бирга, келажакни ҳам хавф-хатарга қўймоқда. Буни ҳеч иккиланмасдан ихтиёрий заҳарланиш дейиш мумкин.

Бир қарашда оддий ҳолга ўхшаб туюлган чекиш миллионлаб одамларнинг бошига етаётганини оддий назар билан илғаш қийин.

Статистика маълумотларида келтирилишича, Ер юзида ҳар йили уч миллиондан ортиқ киши чекишга ружу қўйиши оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмаркан. Яъни ҳар ўн уч сония­да бир киши, ҳар дақиқада эса беш киши кашандалик қурбони бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, келгусида тамаки чекиш 500 миллионга яқин кишининг бевақт ўлимига олиб келиши мумкин экан. 2030 йилга бориб эса бир йилда 10 миллионга яқин киши бунинг қурбонига айланиши маълум қилинган. Шу боис айни пайтга келиб ЖССТ кашандаликка қарши кенг курашни аллақачон бошлаб юборган. Бунга дунёнинг йирик ташкилотлари ҳам аралашаётганига эътибор қаратсак, муаммонинг нақадар долзарблиги ойдинлашади. Масалан, 1999 йил 24 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси бир овоздан тамаки чекадиганларни назорат қилиш Конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича ­резолюция қабул қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёдаги 700 миллион бола тамаки тутунидан заҳарланган ва бугун улар бу иллатдан азият чекмоқда.

Кашандалик оқибатида қайд этиладиган ўлим миқдори бошқа гиёҳванд моддаларга нисбатан ўн уч баравар кўплиги ҳам унинг инсон организми учун нақадар хавф­ли эканлигидан далолат беради.

Мутахассислар томонидан аниқланишича, сигарет тутуни таркибида соғлиқ учун зарарли тўрт минг хил модда мавжуд экан. Булар орасидаги сианли бирикма кучли заҳар ҳисоблангани учун асосан, ҳашаротларга қарши курашда кенг қўлланилади. Унинг асосини ташкил қилувчи никотиннинг 100-120 миллиграмми томир орқали танага юборилса, одам шу ондаёқ ҳалок бўлиши муқаррар. Шунча миқдордаги никотинни эса, бор-йўғи, икки қути сигарета таркибидан ажратиб олиш мумкин.

Шифокорлар томонидан олиб борилган кузатишларга кўра, бир дона сигарет чеккан кишининг юрак уриши ва нафас олиш ритми тезлашади, қон айланиши бузилади, натижада тана аъзоларига борадиган қон миқдори камаяди ва уларнинг ­фаолияти суст­лашиб, қон босими ошади. ­Демак, кўпчилик ўйлаганидек, сигарета тинчлантирувчи эмас, аксинча, танада тангликни кучайтирувчи хусусиятларга эга. Бир дона сигарета мана шунча ўзгаришни келтириб чиқаришига эътибор қаратсак, кунига бир ёки икки қути сигарета чекувчиларнинг аҳволи не кечишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ҳар бир киши соғлом фарзандни хоҳлайди. Ҳомиланинг соғлом бўлиши эса ота-онанинг соғлом турмуш тарзига бирдек риоя қилишига боғлиқ. Афсуски, кейинги пайтларда аёллар орасида ҳам очиқчасига тамаки маҳсулотларига ружу қўйиш ­кузатилмоқда. Сигaрeта, пaпирoс, трубкa ёки сигaрa чeкaётгaн вaқтдa жудa кўп, никoтиндaн ҳaм зарарлирoқ бирикмaлaр — ис гaзи, бeнзопирeн ҳамда рaдиoактив мoддaлaр нaфaс йўллaригa ўтади. Уларнинг бир қисми oнa вa ҳoмилa oргaнизмидa пaйдo бўлaди. Натижада oнaнинг қoн aйлaниш тизимидa сиқилиш ҳoсил бўлaди, ҳoмилa кислoрoд тaнқислигигa учрaб, ривoж­лaниши сeкин­лaшaди.

Бунинг таъсирида чeкувчи oнaлaрдaн туғилгaн бoлaлaр кўпинча кaмвaзнли бўлиб, ҳaётгa мoслaшиши қийинроқ кечади. Уларнинг мaркaзий нeрв тизимидa нуқсонлaр бўлади, тез-тез касалликка чалинувчанлиги билан ҳам aжрaлиб турaди.

Кўпинча таълим муассасалари олдидан ўтганимизда, сигарета чекиб турган ёшларга кўзимиз тушади. Олиб борилган тадқиқотларга кўра, чекиш қон орқали наслдан-наслга ўтаркан. Чекиш русум бўлган оилада улғаяётган бола балоғат ёшига етиш арафасида ўзида унга мойиллик сеза бошлайди.

Бу ушбу иллатнинг саломатликка етказадиган зарарли жиҳатлари эди. Энди унинг моддий жиҳатига эътибор қаратинг. Кашанда кунига камида бир қути сигарета чекади. Баъзан эса бу миқдор икки қутига ҳам етиши мумкин. Ҳозир бир қути сигаретнинг нархи ўртача 10 минг сўм атрофида. Демак, тамаки учун ҳафтасига 70 минг, ойига 280 минг, йилига эса 3 миллион 360 минг сўм сарфланади... Бу кам пул эмас, албатта. Эътибор қиляпсизми биргина чекишни ташлаб қанча маблағни тежаб қолишингиз мумкин.

Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, бугундан фарзандларингиз учун яхши хулқлар билан намуна бўлишга ҳаракатни бошлаган. Бу билан сиз уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб камолга етиши йўлида ўта муҳим қадамни ташлаган бўласиз.

Мухлиса Абдиева.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер