Ўзимнинг уй-жойим бор, демак менинг Ватаним бор — Каромат Қаршиева

11:53 26 Ноябрь 2023 Жамият
233 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимизда аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, муҳтож бўлган фуқароларга бошпана қилишлари учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Хусусан, мамлакатимиз раҳбарининг “одамларимиз эртага ёки истиқболда эмас, бугундан эътиборан ўзгаришларни ўз ҳаётларида ҳис этиб, яхши яшашлари лозим”, деган тамойиллари асосида даромади юқори бўлмаган фуқароларга уй-жой сотиб олишлари учун ипотека кредитлари, субсидиялар ажратилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар асосида Навоий вилоятида амалга оширилаётган ўзгаришларга назар солсак, энг аввало одамларни уй-жой билан таъминлашдек, узоқ йиллик муаммолар бугун ўз ечимини топаётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Минг-минглаб оилаларнинг ўз турар жойига эга бўлиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолганларга ҳам рўшнолик эшиклари очилганлиги инсон қадри улуғланаётганлигининг амалий ифодасидир.

Вилоятнинг Кармана туманида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони Каромат Қаршиева шулардан бири бўлиб, вилоят ҳокимининг сайёр қабулида болаликдан чин етимликда улғайгани, бугунги кунда оиласи билан ижарада истиқомат қилиб, биргина сўнгги уч йилда 37 та хонадон алмаштиришга тўғри келганлигини баён этган эди.

— Ўзимнинг уй-жойинг бор, демак менинг Ватанинг бор, — деди К. Қаршиева қувончини яшира олмай. — Бошпанали одамнинг юртга муҳаббати чексиз бўлади, буни сўз билан ифодалаш жуда қийин.

Каромат Қаршиеванинг мурожаати бугун қаноатлантирилди. Унинг оиласига ҳудуддаги ижтимоий уйлардан бири ажратилиб, кўчиб ўтди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда вилоятда беш юз нафардан ортиқ оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларнинг уй-жой шароитлари яхшиланиб, уларнинг ўксик дилларига қувонч ҳислари солинди. Энг муҳими мазкур фуқароларнинг эртанги кунга ишончи ортиб, дилларида шукроналик улғайди. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганидек жамиятимизда ҳар бир фуқаро яхши яшашини таъминлаш давлатнинг бош мақсадидир.

  Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер