Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари бўйича хатлов бошланди

13:12 21 Ноябрь 2024 Жамият
602 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 5 август куни имзоланган “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун халқимиз кутган энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 487 мингдан ортиқ ер участкаси мавжуд. Мулк ҳужжатларини расмийлаштириш, яъни мерос олиш, кимгадир ҳадя қилиш, бошқа бировга сотиш бўйича ҳам муаммолар етарлича. Тадбиркорларда ҳам ерга эгалик масаласида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар кўп. 8 ноябрдан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари бўйича хатлов бошланди.

— Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинди, — дейди Кадастр агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Яшнар Давронов. — Ўрганишлар жараёнида вилоятимизда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 487 мингдан ортиқ ер участкаси аниқланди. Бу ер участкаларининг ҳар бири ўртача 3-4 нафардан фуқаро ва тадбиркор ҳаёти, фаолиятига дахлдор бўлса, демак бу галги ҳуқуқларни эътироф этишда 1,5 миллиондан зиёд аҳолининг муаммоси ҳал бўлади. Энди улар йиллар давомида ўзларига тегишли бўлган ер участкалари ва уларда қурилган биноларни қонунийлаштириб олишлари мумкин.

Аммо бу жараён кўпчилик кутаётганидек тез ва бирданига амалга ошиб қолмайди. Қонун билан ҳужжатсиз ер ва бино-иншоотларни қонунийлаштиришнинг тартиб-тамойиллари белгиланган. Янги қонун билан 8 ҳолатдаги ер участкаларига ва улардаги бинолар учун ҳуқуқларни расмийлаштиришга имконият яратилди. Яъни, 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган уй-жойлар, ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда 78,5 минг гектарга яқин ер майдонида жойлашган 425 минг 500 дан ортиқ объектни ташкил этмоқда. Фуқаролар, юридик шахслар ва ЯТТлар томонидан ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бинолар 5 минг гектарда жойлашган 51 минг 914 та объектни ўз ичига олади. Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори асосида “Бир марталик умумдавлат акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган уй-жойлар сони 8,5 мингдан ортиқ бўлиб, булар қарийб 2 минг гектар ер майдонида жойлашган уй-жойлар ҳисобланади.

Қонун билан якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмгача эътироф этилади. Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Турар жойлар, хусусийлаштирилган ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов миқдорлари Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари, бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари миқдорида белгиланган.

Қонун билан I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.

“Ўзбошимчалик билан эгалланган”, деган сўз фақатгина ноқонуний маъносини англатмайди. Қонунчиликда ҳужжатлари сақланиб қолинмаган ер ёки бино-иншоотларга нисбатан ҳам “ўзбошимчалик билан эгалланган” деган таъриф қўлланилади. Масалан, ўтган асрда ажратилган ерларнинг кўпи шундай ҳолатда, яъни қайсидир сабабларга кўра ҳужжатлари сақланмаган. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятидаги 425 мингдан ортиқ уй-жой шу ҳолатда турибди. Уларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, қонуний ечимлари берилади.

Фуқаролардан фақатгина вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан даромад қилишни режа қилиб юрган “уддабуронлар”дан огоҳ бўлиш талаб этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер