Ўзбекистонликлар оила тўғрисида: тасаввурлар ва устуворликлар

23:55 13 Май 2022 Жамият
1213 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Оила — бахт қўрғони. У инсонга оналик ва оталик саодатини ҳадя этади, ёш авлоднинг хулқ-атвори ва ҳаётий қадриятларини тарбиялайди. Ватан ичра мўъжаз ватан жамият тараққиётида, ёшлар тарбиясида ва кекса авлодни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга.

15 май — Халқаро оила куни муносабати билан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистонликлар оила тўғрисида: тасаввурлар ва устуворликлар» мавзуида телефон сўрови ўтказди. Сўровда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан юртдошларимиз — эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кексалар, шаҳар ва қишлоқда яшовчилар иштирок этди.

Мамлакатимизда оила институтини, анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, демографик тараққиётни рағбатлантириш, оилалардаги тарбиявий салоҳиятни, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови оила ҳар бир инсон учун асосий қадрият эканлигини тасдиқлайди. У фуқароларни ҳаётий фаолликка, муваффақиятли ишлашга, янги ютуқларга ундайди, қийинчиликларни енгиб ўтиш ва янги юқори марраларга эришишда ёрдам беради.

Ўзбекистонликларнинг ижтимоий онгида оила жамият ва давлатнинг асосини ифодалайди. Кўпчилик фуқароларнинг фикрича, жамият ва давлат яхлитлигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш, мамлакатда тинчлик ва фаровонлик учун мустаҳкам пойдевор яратиш оиланинг асосий мақсади ва ижтимоий вазифасидир. Сўров давомида фуқаролар оила орқали авлодлар алмашинуви юз беришини, инсон туғилиши ва унинг насли давом этиши, болаларнинг бирламчи ижтимоийлашуви ва тарбияси, кексалар ва ёрдамга муҳтожларга ғамхўрлик қилиш каби олижаноб вазифалар амалга оширилишини таъкидлади.

«Фикрингизча, сўнгги йилларда оила ижтимоий институти ўзгардими?” деган саволга ҳар иккинчи респондент оила «мустаҳкамланди ва янада барқарорлашди», деб жавоб берди. Фуқаролар фикрича, бунга давлатнинг оилалар турмуш даражасини яхшилаш ва сақлаш, фаровонлигини ошириш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш, оилаларга хизмат кўрсатиш ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, медиация ва оилаларга психологик ёрдамни, жумладан, маҳаллаларда кўрсатиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган янги ижтимоий сиёсатини жорий этиш ёрдам бермоқда.

Сўровда чинакам мустаҳкам, бахтли ва фаровон оилани яратиш учун қандай шароитлар зарурлиги ўрганилди. Олинган маълумотларга мувофиқ, иштирокчилар эр-хотиннинг ўзаро муҳаббати ва ҳурмати, уларнинг «биргаликда ҳаёт кечириш, қийинчиликларни елкама-елка туриб, енгиб ўтиш ва умумий ғалабалардан хурсанд бўлиш истаги» оиланинг асоси ҳисобланишига ишонади. Респондентлар, шунингдек, мустаҳкам оила қуриш учун бўлажак эр-хотиннинг молиявий мустақиллиги зарурлигини таъкидлади. Иштирокчилар ёшларнинг маънан ўзаро мослиги, уларнинг ҳаётий қарашлари ва қадриятлари, ижтимоий даражаси ва маълумоти, моддий аҳволининг ўхшашлиги оилавий алоқаларнинг мустаҳкамлигига сезиларли таъсир кўрсатишини қайд этди. Сўров натижаларининг кўрсатишича, оилани сақлаб қолиш учун алоҳида доимий уй-жойга эга бўлиш, эр-хотиннинг жисмоний саломатлиги, соғлом фарзанд кўриш қобилияти муҳимдир.

Тадқиқотда ўзбекистонликларнинг назарида қандай оилани бахтли ва фаровон деб аташ мумкинлиги аниқланди. Респондентлардан олинган жавоблар шуни кўрсатадики, бахтли ва фаровон оилада бир-бирини тушуниш, ёрдам беришга тайёрлик, ўзаро муҳаббат ва ҳурмат, бағрикенглик, кечиримлилик, моддий тўкинлик, тинчлик, осойишталик ва хайрихоҳлик муҳити бўлиши кераклиги ҳақидаги тасаввурлар жамоатчилик фикрида етакчилик қилади.

Сўров натижалари кўрсатишича, 47,1 фоиз иштирокчиларнинг оилалари анъанавий бўлиб, уларда эркак оила бошлиғи ҳисобланади ва бутун оила ҳамда унинг ҳар бир аъзосига тегишли асосий масалалар бўйича якуний қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи унга тегишлидир. Эркак оила бюджетига асосий ҳисса қўшади ва унинг моддий ресурсларини тасарруф этади, оила аъзолари ўртасидаги низоларни ҳал қилади. Ўзбекистонда оилавий вазифалар ва мажбуриятларнинг тақсимланиши ҳам оиланинг анъанавий турига мос келади, бунда эркак оилани моддий жиҳатдан таъминлайди, аёл фарзанд тарбияси билан шуғулланади, барча оила аъзолари учун қулай турмуш шароитини яратади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатда оилавий муносабатларни демократлаштириш жараёни юз бермоқда, оилаларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ўз оиласи ва муносабатларини эр-хотиннинг тенглиги асосида қурмоқда, оила учун масъулиятни зиммаларига тенг олишмоқда. Оила ва унинг аъзолари ҳаётига оид муҳим қарорларни биргаликда қабул қилишмоқда, оила бюджетига биргаликда ҳисса қўшиб, уни тақсимлаш билан биргаликда шуғулланишмоқда.

Қатнашчиларнинг мутлақ кўпчилиги — 94,2 фоизи оиланинг бош мазмуни ва қадрияти фарзандлар дунёга келтириш ва тарбиялашдан иборат, деган фикрда. Респондентларнинг ишонишларича, фарзандларнинг ривожланиши ва тарбияси учун шарт-шароитлар яратишга ота-она тенг даражада масъул бўлиши керак. Яхши тарбия ва таълим бериш, муносиб турмуш шароитларини яратиш эса ота-онанинг фарзандлар олдидаги масъулияти ҳисобланади. Сўралганлар фикрига кўра, ота-оналар ўз фарзандларида, аввало, меҳр-муҳаббат, оқибат, шафқат, Ватанга садоқат, ўзаро тушуниш ва ҳурмат, масъулият ҳамда ўз шаънини қадрлаш туйғуларини тарбиялашлари лозим. Респондентлар болаларда тадбиркорлик, меҳнатга, ўқиш ва билимга муҳаббат каби фазилатларни ривожлантириш муҳим, деб ҳисоблашади.

Умуман олганда, ўтказилган телефон сўровининг  кўрсатишича, оила ўзбекистонликлар учун ноёб ва тенги йўқ қадрият ҳисобланади. Фуқаролар ўз ҳаётларини оила, меҳр-муҳаббат, болалар, эр-хотин ва қариндошлик муносабатларисиз тасаввур қила олмайди. Жамоатчилик фикрига кўра, оила Ўзбекистон фуқароларининг асосий ҳаётий қадрияти, жамиятнинг ахлоқий пойдевори, маънавият ўчоғи, миллий анъана ва урф-одатларнинг сақловчиси, муносиб авлод тарбияси ва ижтимоий тажрибани авлодларга етказишни таъминлайдиган энг муҳим ижтимоий институт бўлиб қолмоқда.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер