Ўзбекистонга салқин ва нам ҳаво массалари кириб келмоқда

19:36 26 Май 2025 Жамият
280 0

Фото: «Халқ сўзи»

«Ўзгидромет» агентлиги 26-30 май кунлари кузатиладиган об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонга ҳафта давомида салқин ва нам ҳаво массалари кириб келиши давом этади.

Агентликка кўра, марказий ва шарқий вилоятлар бўйича айрим жойларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Хусусан, 27 май куни Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

26 май куни кундузи ҳаво ҳарорати 27-32 даража, эртага 22-25 даража, 28-30 майда 25-30 даража, баъзи жойларда 32 даражагача бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 13-18 метр/секундгача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Сел-сув тошқини хавфи бор.

Тошкент шаҳрида 26 май куни ҳарорат 29-31 даража бўлади. 27 майда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 23-25 даража бўлади.

28 май, чоршанба куни кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат 28-30 даража бўлади. 29-30 май кунлари асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 29 майда кечга томон, 30 майда кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шамол вақти-вақти билан 12-14 метр/секундгача кучаяди, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер