Ўзбекистонда нега гўшт ва гуруч қимматлашди?
Жорий йил май ойининг биринчи ҳафтасида кўриб чиқилган товар ва хизматлар гуруҳи қиймати умумий олганда 0,6 фоиз арзонлашган. Жумладан, озиқ-овқат товарлари нархи 1,1, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,9 фоиз тушган бўлса, хизматлар 1 фоиз қимматлашган. Бу ҳақда Марказий банк республика истеъмол бозорларидаги нархларни ўзгариб бориши устидан олиб борилаётган кузатувлар натижаси орқали маълум қилди.
Қайд қилинишича, нарх-наво динамикаси, асосан, сўмнинг айрибошлаш курси мустаҳкамланиши, ташқи савдо шароити ва рақобат муҳити яхшилангани, истеъмол бозорига сабзавотларнинг янги ҳосили кириб келиши воситасида шаклланган. Нархлардаги барқарорликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кутилаётган инфляция даражасининг пасайиши ҳам ўта муҳим омилга айланган.
Умумий олганда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи тушишига қарамай, мазкур гуруҳ ичида нарх динамикаси турли кўриниш касб этди. Масалан, бозорга помидор, бодринг ва картошканинг янги ҳосили ёппасига кириб келиши натижасида, улар мос равишда 63,8, 30,2 ва 27,6 фоиз арзонлашди. Айни чоғда сариёғ нархи 2,4, товуқ гўштиники эса 1,3 фоиз пасайди.
Шу пайтнинг ўзида гуруч 16,7 фоиз қимматлашиб кетди. Ўтказилган сўровга кўра, йилнинг қурғоқчил келиши, ўтган йилга нисбатан суғориладиган сув етишмовчилиги, экин майдонларининг қисқартирилиши, қолаверса, тайёрловчилар томонидан гуруч таклиф қилишнинг кечиктирилиши бунга асосий сабаб бўлди.
Ўз навбатида импорт ҳажмининг кенгайтирилиши, ички бозорда ушбу маҳсулот таклифи барқарор қўллаб-қувватланиши гуруч нархини барқаролаштирувчи омил бўлиб хизмат қилди дейиш мумкин.
Айни чоғда кузатилган муддатда гўшт маҳсулотлари нархи ўртача ошаётгани аён бўлди. Жумладан, мол ва қўй гўшти мос равишда 5 ва 3,7 фоиз қимматлашган. Мазкур соҳа мутахассислари ва фермерлари ўртасида ўтказилган сўровдан маълум бўлдики, гарчи биржа қиймати илгариги даражада сақланиб қолган бўлса-да, юқоридаги ўсиш чакана бозорда озуқа нархининг кўтарилиши, шунингдек, ёғингарчилик кам бўлгани учун яйловларда ўт-ўлан кам бўлгани туфайли келиб чиққан.
Ноозиқ-овқат товарлари, хусусан, маиший техника ва шахсий гигиена воситалари нархи ташқи савдо ҳажмлари, айниқса, чегара олди ҳудудларда кўпайгани, истеъмол бозорининг мазкур тармоғидаги рақобат муҳитининг яхшиланиши, миллий валюта курси мустаҳкамланиши шароитида юзага келди.
Юқоридаги гуруҳ бўйича телевизорлар 8, чангютгичлар 4,4, музлатгичлар ва электр чойнаклари 1,8, совун 3,5, шампунлар 1,9 фоиз арзонлашди.
Жорий йил апрелидан табиий газ тарифларининг оширилиши автотранспорт воситаларида юк ва йўловчи ташиш хизматлари қимматлашишига олиб келди. Республика бўйича шаҳар автобуслари йўл кираси алоҳида ҳудудлар бўйича тўловлар сезиларли ошгани муносабати билан 13,7, юк ташиш 1,6 фоиз кўпайди. Тиббий хизмат кўрсатиш тарифларида ҳам ўсиш кузатилди – 2,4 фоиз.
Истеъмол товарлари ва хизматлар бўйича нархлар ўзгаришига доир юқорида келтирилган кўрсаткичлар Марказий банкнинг иқтисодиётда инфляция жараёнларини кузатиш мақсадида амалга оширган ўз кузатишларига асосланади. Ўзбекистон Республикаси истеъмол нархлари индекси Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳисоблаб чиқилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг