“Ўзбекистондаги Elseiver илмий кунлари” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда

13:16 15 Декабрь 2020 Жамият
1155 0

Жорий йилнинг 14-15 декабрь кунлари Нидерландиянинг Elseiver компанияси томонидан “Ўзбекистондаги Elseiver илмий кунлари” халқаро конференцияси ташкил этилди. Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, Elseiver компаниясининг Туркия, Эрон, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги минтақавий директори жаноб Тайфун Башал ва бошқалар иштирок этди.

Конференциянинг дастлабки кунида «Тадқиқотлар келажаги» ва “COVID-19 дан кейинги келажак” мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев, конференция учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирар экан, Ўзбекистонда илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар ва бу борада Таълим инспекцияси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, олий таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, шунингдек, ёшларни илмий фаолиятга кенгроқ жалб қилиш, фанларнинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, дунёнинг етакчи мамлакатлари ҳамда THE, QS, ARWU, MULTI-ranking каби нуфузли рейтинг агентликлари тажрибаси асосида олий таълим муассасаларининг миллий рейтингини аниқлаш тизими йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Улуғбек Тошкенбаев Elseiver компанияси билан тадқиқотлар имкониятларини кенгайтириш, илмий соҳаларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва унинг халқаро ҳамжамият билан интеграциясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтар экан, бу орада барча маҳаллий университетларда SciVal платформасини жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.

— Дастлабки келишувларга кўра, ушбу платформага Ўзбекистоннинг 13 та таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари киритилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг илмий йўналишдаги фаоллиги маълум даражада ошган, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи ўз нутқида. — Шуни ҳам айтиш жоизки, биз Elseiverнинг таълим соҳасидаги ислоҳотларини самарали амалга оширишда бизни мунтазам қўллаб-қувватлашини жуда қадрлаймиз.  Шунингдек, келгусида маҳаллий илмий нашрларнинг Scopus халқаро маълумотлар базасидан жой олиши борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, бу борада ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътироф этилди.

Конференция давомида халқаро экспертлар томонидан COVID-19 даврида соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадқиқотлар, Барқарор Ривожланиш Дастурини амалга оширишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари каби қатор мавзуларда маърузалар қилинди.

Бугун, халқаро конференциянинг иккинчи куни нашрларнинг Scopus'да қайд этилиши, Elsevier томонидан тавсия қилинаётган платформалар Scival ҳамда Pure дастурларининг илмий соҳадаги имкониятлари билан таништириш каби мавзуларда давом эттириляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер