Ўзбекистонда Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ташкил этилди

12:31 04 Ноябрь 2020 Ҳужжатлар
3882 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича махсус илмий лабораторияси негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ташкил этилди.

Илмий тадқиқотлар институтининг фаолияти 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкил этилади.

Илмий тадқиқотлар институтининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг назарий ва илмий методологик асосларини яратиш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фундаментал илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек халқаро ҳамда маҳаллий илмий ва амалий грант лойиҳаларини жалб этиш;
юқори малакали спортчиларнинг ўқув машғулот йиғинларини ўтказиш даврида комплекс илмий-тадқиқотларни ташкил этиш ва инновацион технологияларни кенг қўллаш юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқиш;
спорт турлари бўйича терма жамоаларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш;
спорт психологияси, диетологияси, реабилитацияси ва тиббиёти бўйича илмий-услубий тавсияномалар, ўқув-қўлланмалар, дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда самарали, илмий асосланган воситалар ва услубларни ишлаб чиқиш;
спортчиларнинг функционал, биокимёвий, психодиагностика, биомеханик иш қобилиятини диагностика қилиш ва коррекциялаш тизимини йўлга қўйиш;
селекция ишларини самарали ташкил этиш мақсадида тренер- селекционер ва мутахассисларга методик ёрдам бериш;
аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ҳолати натижаларини мониторинг қилиш ва коррекциялаш бўйича илмий-услубий тавсиялар бериш;
тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш мақсадида хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;
республикадаги таълимнинг барча турлари (мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим, шунингдек мактабдан ташқари, спорт таълими) учун жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича таълим стандартлари ва фан дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, шу жумладан аудио, видео ва электрон дарсликлар, онлайн дарслар ҳамда бошқа турдаги илмий-методик материаллар тайёрлаш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер