Ўзбекистонда педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши режалаштирилмоқда

16:33 24 Январь 2026 Ҳужжатлар
987 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Бу « 'Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш' йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури» лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилишни прокуратура органларининг мутлақ ваколатига ўтказилади.

Бундан ташқари, никоҳ ёшига етмаган шахсни унаштирганлик учун унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ва ноқонуний никоҳни тарғиб қилган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиши мумкин.

Фармон лойиҳасида вояга етмаган шахслар ва хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва кўришга ихтисослашган ва махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Оила ва хотин-қизлар масканларида эса ёш никоҳланувчиларнинг камида 40 фоизини махсус ўқитиш дастурлари билан қамраб олиш, психолог, ҳуқуқшунос ва бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда оилавий зўравонликка қарши курашиш чораларини кучайтириш кўзда тутилмоқда. Мазкур нормалар 2026 йил 1 апрелдан жорий этилиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер