Ўзбекистонда минимал яшаш харажатлари қанча? Уни аниқлашда қандай мезонларга таянилади?
Дунё тажрибасидан маълумки, ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий аҳволи, ривожланганлик даражаси ва истиқболда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аҳолининг минимал яшаш харажатлари белгиланади. Бу масалада ривожланган, ривожланаётган ва паст даражада тараққиётга эга мамлакатлар ўзига хос услубларни қўллаб келади.
Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳолининг минимал истеъмол харажатларини аниқлаш учун муҳтож аҳолининг амалда мавжуд бўлган истеъмоли даражасини белгилаб олиш талаб этилади. Бунинг учун мамлакатимизда жорий этилган «Темир дафтар», «Ижтимоий реестр», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва яна бир қанча ижтимоий манбалар асосида камбағаллик ва муҳтожлик даражасини, аҳолининг реал ҳаёт кечириш кўлами ва миқдорий кўрсаткичларини аниқлаш имконияти яратилган. Ваҳоланки, расмий статистикада аҳолининг реал истеъмолини аниқ ифодаловчи кенг қамровли маълумотлар тўлиқ мавжуд эмас.
Камбағалликни даражасини аниқлашнинг Ўзбекистонда хос хусусиятлари нималарда кўринади? Шу хусусда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ҳасанов қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Буни аниқлаш бир нечта жиҳатлари билан дунё тажрибасида қўлланилаётган услублардан фарқ қилади, – дейди Р. Ҳасанов. — Биринчидан, мамлакатимиз аҳолиси сарф-харажатларида қандай товар маҳсулотлар ва хизматлар биринчи даражада истеъмол қилинишини аниқлаб олиш зарур. Иккинчидан, иқтисодиётнинг ривожланганлик даражаси ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорининг (1700 АҚШ доллари) камбағалликни қисқартиришга бўлган имкониятини тўғри баҳолаш керак. Учинчидан, аҳолининг иқтисодий фаоллиги ва бизнес муҳитининг эркинлиги фаолият учун шарт-шароитлар яратиб беришга қодирлигини баҳолаш керак. Тўртинчидан, ижтимоий хизматлар, уларнинг турларидан аҳолининг фойдаланишидаги ўзгаришлар қай йўсинда кечаётганлигини ўрганиб бориш лозим. Бешинчидан, камбағаллик даражасини шаҳар ва қишлоқ аҳолиси турмушидаги фарқлар кесимида уларга нисбатан табақалашган тарзда ёндашиш керак. Бу каби хусусиятлар аҳолининг камбағал қатламини реал вазиятдан келиб чиқиб баҳолашга ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишга имкон беради.
Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари аҳоли истеъмолидаги озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ҳамда хизматларнинг амалдаги нархлар даражасидан келиб чиқиб, сарфлаётган минимал қиймати ҳисобланади. Бундай ёндашув қандай тамойилларга асосланади?
— Бунда бир қатор омиллар ҳисобга олинади. Энг, аввало минималлик ва истеъмол таркиби ҳисобга олинади. Бунда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолига сарфланган амалдаги харажатлари ва муҳтож оилалар истеъмолининг минимал қиймат миқдорига эътибор қаратилади.
Ундан ташқари оила аъзолари сони ҳам муҳим. Бу жараёнда оила аъзолари сони, демографик ҳолатдаги ўзгаришларнинг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда ноозиқ-овқат маҳсулотлари турига нисбатан таркиби ҳисобга олинади.
Албатта, хизмат кўрсатиш тамойили ҳам бунда муҳим. Бунда оила учун энг зарурий хизматларга сарф-харажатлар миқдори ва давлат томонидан кўрсатилаётган бепул хизматларни эътиборга олиш керак бўлади.
Энг муҳими эса боқимандаликни чеклаш тамойили. Бунда камбағал оилаларга кўрсатиладиган ёрдам шундай даражада бўлиши керакки, оилада боқимандалик кайфиятининг кучайиб кетишига олиб келмаслиги шарт. Яъни аҳолининг боқимандалик хулқ атворини рағбатлантирмаслиги зарур.
— Вазиятга тўғри баҳо бериш орқали аҳолини камбағалликдан қисқа даврда олиб чиқиш ва бу орқали муносиб турмуш кечиришни таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиб бериш лозим. Шундай эмасми?
— Айни вақтда вазиятга тўғри баҳо бериш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирги даврда, тегишли ташкилотлар ҳудудлардаги 5400 та уй хўжалигида сўровнома ўтказган. Бундан мақсад нима эди?
Аввало, бу орқали аҳолининг реал истеъмолидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар тури ва нархи аниқланди. Минимал истеъмолни аниқлашда оилавий харажатлар тўплами асос қилиб олинди ва иқтисодий жиҳатдан муҳтож бўлган ва ойлик эҳтиёжини минимал қондириш ҳаракатидаги кам харажат оилалар танлаб олинди.
Сўровнома натижаларига кўра энг кам харажатга эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликларининг минимал оила харажатлари гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, картошка, сабзавот ва полиз экинлари, мева, гуруч, ўсимлик ёғи, ун, тухум, нон, кир ювиш воситалари, тозалик гигиена товарлари, оилада ишлатиладиган бошқа ноозиқ овқат маҳсулотлари, хизмат харажатларидан электр энергетикаси, газ, сув, таълим, тиббиёт ва бошқа хизматлар учун харажатлар миқдори аниқланди. Бу минимал харажатлар оилалар кесимида ўрганиб чиқилди.
Расмий статистика маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда ўртача оилалар сони 5 кишидан иборат. Уларнинг минимал ўртача харажатлари ойига 2 030 минг сўмни ёки ҳафтасига 474 минг сўмни (шундан 317 минг сўм озиқ-овқат харажатлари) ташкил этади. Масаланинг муҳим томони шуки, Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари қиймати расман эълон қилинмасди ва эҳтиёжманд оилалар учун минимал чегарани белгилаш жорий этилмаган эди. Демак, минимал даражани белгилаш орқали меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини, пенсия ва нафақалар белгилаш ҳамда бошқа ижтимоий трансфертларни жорий этиш тизими янгидан яратилади.
Қисқаси, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда босқичма-босқич ўзига хос услублар жорий этилади. Иқтисодиётимизнинг ривожланиб бориши билан минимал истеъмол харажатлари қиймати муттасил ошиб боради. Муҳим жиҳати шундаки, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида амалий тадбирлар олиб борилмоқда.
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг