Ўзбекистонда кредит рекламасида хавф-хатарлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш жорий этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилдилар. Парламент қуйи палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, янги ҳужжат билан «Реклама тўғрисида»ги қонунга муҳим қўшимчалар киритилмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирда микрокредитлар бўйича реклама ва маркетинг материаллари асосий эътиборни маблағни тез ва осон олишга қаратмоқда. Бироқ, келажакдаги юқори молиявий мажбуриятлар ва эҳтимолий хавфлар ҳақида истеъмолчиларга етарли маълумот берилмаяпти.
Кредитлар, шу жумладан микрокредитлар рекламасида кредит мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавф-хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши шарт.
Ушбу огоҳлантириш учун реклама майдонининг (баннерлар, постерлар) ёки реклама вақтининг (видео ва аудио роликлар) камида 10 фоизи ажратилиши белгиланмоқда.
Ушбу чора аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва фуқароларни кутилмаган қарздорлик муаммоларидан ҳимоя қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг