Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганларнинг қон зардобидан коронавирус инфекцияси оғир ўтаётганларни даволашда фойдаланилади

16:59 10 Апрель 2020 Жамият
1624 0

архив фото

Ўзбекистонда қон донорлиги ва қондан турли касалликларга қарши курашиш хусусиятига эга бўлган препаратлар тайёрланиб келинмоқда. Бунга турли бактерия ва микробларга қарши зардоблар, музлатилган плазмалар ёки иммунглобулинларни мисол қилиш мумкин.

Маълумки, айни пайтда бутун дунёда COVID-19 инфекцияси пандемияси ҳукм сурмоқда. Давлат раҳбарининг қатъий иродаси ҳамда қатор масъуллар томонидан кўрилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистонда ушбу касалликнинг тарқалиши назоратга олинган.

Яна бир аҳамиятли томони, фидойи шифокорларнинг машаққатли меҳнатлари натижасида коронавирус инфекциясидан тузалган беморлар айни пайтда 42 нафарга етди ва улар сафи кундан кунга ортиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, соғайган фуқароларнинг қон зардоби касалликни бошидан кечираётган беморлар учун ниҳоятда бебаҳо бўлиб, уларнинг ушбу хасталикни енгил ўтказиши ва тезроқ тузалишлари учун замин бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шунга кўра, ЎЗбекистондаги бир қатор тажрибали олим ва шифокорлар билан келишилган ҳолда, тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини хасталиги оғир кечаётган беморларга қуйиш амалиётини жорий этиш бошланади.

Амалиётнинг илмий асосига келадиган бўлсак, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади.

Табиийки, бу амалиёт қатор саволлар туғдириши мумкин. Зардобдан бошқа касаллик юқмайдими? Зардоб берган инсонлар аҳволи оғирлашмайдими? Беморларга зардоб қуйилганда турли асоратлар юзага келмайдими?

Аввало, коронавирус инфекциясидан тузалган инсонлардан зардоб олишдан олдин, бир нечта инфекцияларга текширилади, тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча инфекцияси ва касаллиги бўлмаган инсонлар зардобининг кичик бир қисми олинади, холос. Бу миқдор донор учун ҳеч қандай салбий асоратларни намоён қилмайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган. Сўнгра йиғиб олинган зардоб яна қўшимча ишлов бериш жараёнларидан ўтказилгандан сўнг, касаллик оғир кечаётган беморлар розилиги ва шифокор кўрсатмалари ҳамда махсус тартибларга қатъий риоя қилинган холда қўлланилиши мумкин.

Энг муҳими, COVID-19 инфекциясидан тузалган инсонларнинг қон зардоби – касаллик оғир кечаётган ёки узоқ давом этаётган беморларимизга вирусни тезроқ ва осонроқ енгиш учун қўшимча курашиш манбаи бўлиб хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер