Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Умуров 80 ёшни қаршилади
Самарқанд давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Умуровнинг 80 йиллигига бағишланган «Адабиёт назариясининг долзарб муаммолари» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати маълум қилди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, Ҳотам Умуровни бугунги қутлуғ кун билан табриклади, ўзининг самимий тилакларини билдирди.
Самарқанд адабий муҳитини Ҳотам Умуровсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, Самарқанд давлат университетининг илмий-ижодий муҳитини шакллантиришда олимнинг қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов Ҳотам Умуровни ушбу қутлуғ кун билан муборакбод этди. Вилоят ҳокими
Сўз санъати тарихи ва назарияси билимдони Ҳотам Умуровни таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул, Улуғбек Ҳамдам каби ижодкорлар ҳам самимий қутладилар.
— Устоз Ҳотам Умуров — Самарқанд давлат университетининг ҳақиқий жонкуяр, қаттиққўл, талабчан профессори, ёшларнинг энг яқин маслаҳатгўйи, — дейди университетнинг филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. — Олим илмий фаолияти давомида бугунгача 10 дан ортиқ фан номзоди, 3 нафар фан докторларини етиштирган. Уч дарслик, 100 га яқин монографиялар, ўқув қўлланмалари, рисолалар, ўқув-услубий тавсиялар, адабий-танқидий мақолалар тўпламларини эълон қилган. Жами эълон қилинган илмий ишлар сони 500 дан ортиқ. Устозимга сиҳат-саломатлик, бардавом ижодий марралар тилайман.
Конференция юқори кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтказилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг