Ўзбекистонда халқаро таълим олишга ўнта сабаб
Иллюстратив фото
Халқаро таълим даргоҳлари ҳақида сўз борганда даставвал Ўзбекистонни эсламассиз эҳтимол. Аммо бу хорижий таҳсил (study abroad) борасида ушбу мамлакатнинг етарли имкониятлари йўқ дегани эмас. Ўзбекистон, айниқса, Марказий Осиё мамлакати халқаро талабалари учун алоҳида аҳамиятга эга мамлакат ҳисобланади. Қуйида masterstudies.com сайтининг бу борадаги фикрлари келтирилган.
1. Бу ўлка “маданият бешиги”
Икки минг йилдан кўп вақтдан буён минтақанинг маданият бешиги бўлган Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг шонли ўтмиши ва мафтункор тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлган меъморчилик ва қадимий шаҳарларга бой маскан.
2. Қадимий қадамжолар яхши сақланган
Ўзбекистоннинг кўплаб қадимий шаҳарларида, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хивада диққатга сазовор жойлар кўп. The Telegraph нашрининг ёзишича, Хива шаҳри – бу тирик музей. Шаҳар UNESCO томонидан ҳимояланган, шунга қарамай, у ерда ҳали ҳам ўзбек оилалари ва бизнес вакиллари яшайди. У VI асрда ташкил топган бўлиб, Буюк Ипак йўли савдо шаҳри сифатида ривожланиб борган – масжидлар, мақбаралар ва мадрасалар кўча лабиринтларига қўшилган ва барчаси яхши сақланган.
3. Ҳам миллий, ҳам замонавий шаҳар
Тошкент ўзининг европача атмосфераси билан ҳам танилган жўшқин маскандир. У Ўзбекистоннинг пойтахти ва энг йирик ҳамда замонавий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, у мамлакатнинг иқтисодий ва маданий маркази, Марказий Осиёнинг энг бой шаҳарларидан бири ҳамдир.
4. Марказий Осиёнинг кўплаб диққатга сазовор жойлари Ўзбекистонда
— Биргина диққатга сазовор жойлар нуқтаи назаридан ҳам Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг катта ютуққа эга юрт саналади, – дейди lonelyplanet.com сайти. — Гўзал ва гавжум бозорлар, ҳайратланарли меъморчилик намуналари, қадимий ибодатхоналар ва ажойиб обидалар... Албатта, Ўзбекистонга саёҳат ҳеч қачон тугамайди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Буюк Ипак йўлининг Хитойдан Туркиягача савдо йўлида учта асосий шаҳарлари ҳам Ўзбекистондан топилган.
5. Меҳмондўстлиги билан машҳур
"Ўзбек халқи орасида меҳмондўстлик кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб қолган. Сизни учратган одамлар самимий кутиб олиш улар учун эзгу анъанага айланган, – дея қўшимча қилади lonelyplanet.com. — Халқаро ўқув юртларининг-да дўстона муносабати сизнинг тажрибангизни ўзгартириши мумкин".
– Ўзбеклар чинакам дўстона одамлардир ва улар ўз мамлакатлари ҳақида сизнинг фикрларингизни билишга интилишади, шунинг учун кичик суҳбатларга-да ҳамиша ошиқадилар, – дейди eveningstandart.com сайти.
6. Бу ўлка дам олиш учун қулай
Биз одатда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти ҳақида сўз юритамиз. Аммо у дам олиш учун ҳам жуда катта имкониятларни таклиф этади. Боиси ундаги ўрмонлар, дарёлар, чўллар ва тоғлар ўзгача манзара акс эттиради. Сайр қилиш, трекдан тоққа чиқиш, тоғ чанғиси ва сноубордда ўйнашгача бу ерда ҳамма учун жуда яхши имкониятлар мавжуд.
7. Жиноятчиликнинг паст кўрсаткичларига эга ва аёллар учун хавфсиз манзил сифатида танилган
The Telegraph нашрининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг асосий ютуқларидан бири арзон ички рейслар, катта йўл алоқалари ва тезюрар поездлар хизмат қилишидир. Сиз барча шаҳарларда умумий такси ва автобус хизматларидан фойдаланишингиз мумкин. Бундан ташқари, Тошкентнинг ўзига хос ажралмас безаки бўлмиш метро ҳам қулай жамоат транспорти ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан жиноятчиликнинг паст кўрсаткичларига эга ва аёллар учун хавфсиз манзил сифатида ҳам танилган.
8. Оилавий саёҳат учун қулай
Дўстлар ва оила даврасида саёҳат учун Ўзбекистонни танлаш айни муддао. Харитада ўз манзилингизни қатъий белгилаб олишни биринчи вазифангиз қилиб олинг. Шунда сиз бошқа фикрларга чалғимайсиз, – дейди The Telegraph.
9. Ўзбек таомлари бир умр ёдингизда қолади
Ўзбек миллий таомлари ичида ош, лағмон, шўрва, шашлик, димлама, сомса каби таомлар машҳур. Гўшт ушбу халқ миллий таомлари асосини ташкил этади ва таъми ҳамиша ёдингизда қолади.
10. Хорижий таълим даргоҳлари билан мустаҳкам ҳамкорлик мавжуд
Ўзбекистонда кўплаб халқаро таълим даргоҳларининг филиаллари мавжуд. Таълим бўйича ҳамкорликка кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети Ўзбекистоннинг илк халқаро университети ҳисобланади. Биргина ушбу таълим даргоҳи мисолида кўрсак, Буюк Британиянинг таниқли Вестминстер Университетидан аккредитация қилинганлиги сабабли талабаларга Марказий Осиёнинг юрагида юксак халқаро таълим олиш имкониятини тақдим этади.
Юлдуз Ўрмонова тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг