Ўзбекистонда йиғилаётган KIA автомобиллари нега бошқа давлатлардаги нархларга нисбатан қимматроқ?

11:18 16 Март 2021 Иқтисодиёт
1570 0

Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган шу каби долзарб саволларга иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир ЖУМАЕВнинг қуйидаги мақоласида жавоб олиш мумкин:

"2020 йил ноябрдан бошлаб «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги ADM-Jizzakh заводида учта комплектациядаги Seltos кроссовери ва бешта комплектациядаги К5 седанини йиғиш бошланиши ҳақида хабар қилинган эди. Бу борада ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари KIA автомобилларини йиғиш ва сифатини таъминлаш борасида ўз фикрларини қолдирмоқда.

Айтиш мумкинки, дунё бренди даражасига чиққан ҳар бир ишлаб чиқарувчи компания ёки корпорация ўз маҳсулотларини тайёр бизнес сифатида маълум бир шартларсиз бошқа бир давлатга киритишдан манфаатдор бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам, бошқа бир минтақадаги бозорга ўзида ишлаб чиқарилаётган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, технологиялар, мутахассислар билан кириб боради. Кейинчалик эса, арзонроқ тайёрланиши мумкин бўлган қисмларни маҳаллий бозорда ишлаб чиқариш орқали сарф-харажатларни минималлаштириш мақсадида локализация тадбирларини амалга оширади.

Бунга мисол тариқасида KIA Motors халқаро даражадаги ҳаракатларини келтириб ўтишимиз мумкин. Компания 8 мамлакатда 14 та ишлаб чиқариш ва йиғиш операциялари орқали йилига 1,4 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқаради. KIA автомобиллари 172 та мамлакатни қамраб олган 3000 дан ортиқ дистрибютор ва дилерлар тармоғи орқали сотилади ва хизмат кўрсатилади.

KIA автомобилларини Ўзбекистон шароитида тайёрлаш бўйича олиб қарайдиган бўлсак, айни вақтда эҳтиёт қисмларнинг локализация даражаси 10 фоизни ташкил этади. 2024 йил охирига қадар бу кўрсаткични 30 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан яна бири — Ўзбекистонда йиғилаётган KIA автомобилларининг бошқа бир давлатлардаги нархларга нисбатан қимматроқ эканлиги. Бунинг асосий сабабларидан бири – Ўзбекистонга маҳсулотларни денгиз орқали олиб келиш учун камида иккита чегарани кесиб ўтишга мажбур эканлигимиз. Тайёр автомобилларни маҳаллий бозорга олиб кириш божхона ёки бошқа тўловлар ҳисобига янада қимматлашишига сабаб бўлади. Автомобилларни маҳаллий завод орқали тайёрлаш биринчи томондан янги иш ўринлари ташкил этилиши ва иккинчи томондан нархларнинг кескин ошиб кетмаслиги нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.

Умуман айтганда, ADM-Jizzakh заводининг фаолият бошлаши маҳаллий бозорда рақобат муҳитини вужудга келтиради. Бу ўз навбатида нарх ва сифат жиҳатдан олдинга ташланган қадам бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилоти билан интеграциялашув жараёнларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобат шароитида ишлаш бўйича тажрибасини оширади, албатта".

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер