Ўзбекистонда илк бор АИ–98 маркали бензинни саноат усулида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори октанли автомобиль бензини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди ҳамда технологик қурилмаларда режим танланди, натижада АИ–98 юқори сифатли этелланмаган бензин ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Манбага кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи юқори октанли АИ–98 автомобиль бензинини саноат даражасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ва ўз маҳсулотлари қаторини яна бир марка билан бойитиб, юқори октанли АИ–98 автомобиль бензини билан тўлдирган.
АИ–98 маркали автомобиль бензини, асосан, сиқиш даражаси 12 дан 14 гача бўлган двигателли автомобилларда ишлатилади. АИ–98 бензини юқори детонацияга қарши хусусият (октан характеристика)лари туфайли двигатель қувватини оширади ҳамда тезланиш динамикасини яхшилайди, тебраниш, шовқин даражасини пасайтиради, шунингдек, ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») томонидан АИ–98 автомобиль бензинини церийали ишлаб чиқариш учун OʼzDSt 3031:2015 «Автомобиль бензинлари. Техник шартлар» мувофиқлик сертификати олинди.
Қувонарлиси, АИ–98 автомобиль бензинининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилди ва 380 тонна ҳажмдаги бензиннинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилди.
АИ–98 маркадаги автомобиль бензини ишлаб чиқарилиши ўзининг тарихига эга бўлиб, бундан натижага эришиш осон бўлгани йўқ. Бу жараёнда Акбар Фазилов бошчилигидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг технологлари, техник бўлими, ишлаб чиқариш ва диспетчерлик хизмати, Марказий таҳлилхонанинг юзлаб ишчи-ходимлари хорижий мутахассисларнинг кўмагисиз изланишлар олиб боришган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг