Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди
Жорий йилнинг 21-24 ноябрь кунлари Ўзбекистан Республикаси парламенти вакилларидан иборат делегация аъзолари амалий ташриф билан Туркия Республикасининг Анталия шаҳрида бўлишди.
Делегация аъзолари Туркия Буюк Миллий Ассамблеяси томонидан ўтказилган «Аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш» мавзусидаги халқаро учрашувда иштирок этди.
Учрашув давомида миллий парламент аъзолари нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.
Хусусан, аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллиги ҳамда жамиятдаги ролини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Конструктив руҳда ўтган учрашувда Озарбайжон Миллий Ассамблеяси Оила, хотин-қизлар ва болалар масалалари қўмитаси раиси Ҳисран Ҳусейнова сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу борада Ўзбекистон тажрибасини яқиндан ўрганиш зарурлигини билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг