Ўзбекистонда Face ID орқали давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади

12:12 27 Май 2024 Жамият
350 0

Ўзбекистонда 2024 йил якунига қадар шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) орқали фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда 24 май куни қабул қилинган Президент фармонида қайд этилган.

Фармон билан давлат хизматларини кўрсатишда ҳам қўшимча қулайлик яратилади. Унга кўра, шу йилнинг 1 июлидан ID карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштиришни истаган фуқаролар хоҳишига кўра Mobile ID тизимида композит шаклда идентификация қилинади. 

Бунда давлат хизматлари марказига (ДХМ) борган фуқароларга Face ID орқали хизмат кўрсатилган тақдирда, улардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмайди. ДХМ ҳамда нотариал идораларда Mobile ID тизимида идентификация ва қайта идентификациядан ўтиш бепул бўлади.

 Шунингдек, аввал давлат рўйхатидан ўтказилган ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар электрон тарзда давлат реестрига киритилади. Маълумотлар ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул бўлади.

Қолаверса, июль ойилан корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон нусхалари талаб этилмайди.

Бундан ташқари, агар фуқаролар нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш учун ДХМга келса, битим томонларининг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилади. Расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер