Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади

09:44 16 Февраль 2021 Жамият
4641 0

Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев шундай деб ёзади:

"Кеча Вазирлар Маҳкамасида Республика Махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Махсус комиссия йиғилишида биринчи марта бир гуруҳ Олий Мажлис Қонунчилик депутатлари ҳам иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибида Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини бошлаш ва ташкиллаштириш чоралари муҳокама қилинди.

Жамоатчиликка яхши маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда Инновация вазирлиги бошчилигида Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси билан ҳамкорликда ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг 3-фаза клиник синов босқичи ўтказилмоқда. Ҳозирга қадар 3-фаза клиник синови доирасида 6697 та кўнгилли ҳамюртимиз вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган бўлса, яна 1209 таси 2-дозани ҳам қабул қилганлар.

Клиник синовнинг дастлабки натижаларига кўра, вакцина қабул қилганлар орасида 1-даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) 5 нафар шахсда кузатилган ёки 0.3 %ни ташкил этган холос (солиштириш учун, бу кўрсатгич "Pfizer/Biontech«да 2-3.8 %, "Спутник V"да эса 0.3-0.4 %ни ташкил этган). 2- ва 3-даражали ножўя таъсирлар эса кузатилмаган.

Ушбу клиник синовнинг муваффақиятли натижалари ортидан Инновация вазирлиги Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда.

Агар махсус комиссия томонидан бундай рухсат берилган тақдирда, вакцина яратилишида ҳамкор томон сифатида Ўзбекистонга вакцина имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади. Шунингдек, мамлакатда вакцина ZF-UZ-2001 номи остида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Махсус комиссия раисига кўра, Хитой компанияси маҳаллий фармацевтика компанияларимиз билан ҳамкорликда ZF-UZ-2001 вакцинасини жорий йилда 300 млн. донагача ишлаб чиқиши ва етказиб бериши мумкин. Бу эса жорий йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.

Шунингдек, Ҳукумат раҳбари Халқаро Вакциналар Иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга 2.5млн. га яқин Astra-Zeneca вакциналарини бепул етказиб берилиши бўйича ҳам музокаралар якунланаётганини маълум қилди. Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати аҳолини катта қисмини, биринчи навбатда ёши катта, сурункали касаллиги бор, фуқароларга биринчи хизмат кўрсатувчи соҳа ходимларини (шифокор, ўқитувчи, ИИО ходимлари ва ҳоказо) жорий йил охиригача коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмлашни ўз олдига мақсад қилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Жаҳонни энг ривожланган, бой давлатларида ҳам эмлаш ишлари суст кетаётган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу борада аниқ манзилли ишларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар бўлаётгани ҳам қувонарли, ҳам фахрланарли ҳолат, деб ҳисоблайман".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер