Ўзбекистонда 2025 йилда кадастр ва картография ишлари кўлами кенгайди
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 295 641 та ер участкаси (24,9 минг гектар) “Yerelektron” тизимига киритилди. Шундан 2025 йилнинг ўзида 66 287 та ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилди. Бу ҳақда бугун, 16 март куни бўлиб ўтган Кадастр агентлиги томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, пахта ва ғалла етиштиришдан бўшаган паст ҳосилли ерларни деҳқон хўжаликларига ажратиш доирасида 261 минг гектар ер ҳокимликлар захирасига қайтарилган. Бу эса белгиланган режанинг 103 фоизини ташкил этган.
2025 йилда ўтказилган аукцион савдолари натижасида 858 349 та ер участкаси бўйича ғолиблар аниқланиб, 841 275 та ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилган.
Билдирилишича, йил давомида геодезия ва картография соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 131,2 минг кв.км ҳудудда аэрофотосуратга олиш ишлари бажарилган, 121 минг кв.км ҳудуд учун ортофотопланлар тайёрланган ва 67,4 минг кв.км ҳудудда дешифровка ишлари олиб борилган.
Шунингдек, 85 минг кв.км ҳудудда топографик хариталар янгиланди, 75,7 минг кв.км ҳудудга оид хариталар нашрга тайёрланди ҳамда 105 182 та географик объект номи давлат экспертизасидан ўтказилди.
Кадастр агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи – ахборот сиёсати бўйича директор маслаҳатчиси Неъмат Атамуратовнинг маълум қилишича, амалга оширилган ишлар натижасида кадастр соҳасида рақамлаштириш даражаси сезиларли ошган.
— 2025 йилда амалга оширилган ишлар натижасида давлат хизматлари янада соддалаштирилди, ер ва кўчмас мулк ҳисобини юритишда шаффофлик таъминланди ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятлари янада кенгайди, — деди Неъмат Атамуратов. — Мазкур йўналишдаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг