Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб 83 миллиард доллар инвестициялар ўзлаштирилган

17:59 24 Июнь 2021 Иқтисодиёт
752 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестиция ва экспорт соҳаларида олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва йил якунларига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Бу ҳақда йиғилишда иштирок этаётган мухбиримиз хабар бермоқда.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб барча манбалар ҳисобидан 716 триллион сўм (83 миллиард доллар) ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилган. Шундан 26,8 миллиард долларини хориждан жалб қилинган маблағлар ташкил этади.

Ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келади.

Натижада сўнгги 4 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,3 бараварга ўсди.

Жумладан, автомобилсозликда ишлаб чиқариш – 3,4 баравар, электро-техника – 2 баравар, фармацевтика ва қурилиш материаллари – 1,4 баравар, металлургия – 1,2 бараварга ошди.

Тайёр тўқимачилик ва маиший техника маҳсулотлари экспорти 5 бараварга ўсди.

Ушбу даврда 441 триллион сўмлик 47 мингдан зиёд йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиб, 680 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, сўнгги тўрт йилда маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 триллион сўм (10 миллиард доллар) инвестициялар йўналтирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер