Ўзбекистон ёшлари Деҳлида Дўстлик ва тинчлик халқаро болалар фестивалида иштирок этди
Деҳли шаҳридаги “Springdales School“ ўрта мактабида ташкил этилган Дўстлик ва тинчлик халқаро болалар фестивалида Ўзбекистон вакиллари фаол иштирок этди.
Мазкур халқаро мактабда маҳаллий ўқувчилар билан бир қаторда кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, ўзбекистонлик ёшлар ҳам таҳсил олади.
Мамлакатимиз вакиллари таълим жараёнига катта масъулият билан ёндашиб, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришиб келмоқда. Мактаб ўқитувчилар жамоаси ёш ватандошларимиз ҳақида доимо ижобий фикрлар билдиради.
Ўзбекистонлик ёшлар, шунингдек, ўрта таълим муассасасининг жамоат ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, турли тадбирларда ўзбек халқининг миллий урф-одатлари ва маданиятини тенгқурлари орасида тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Навбатдаги Дўстлик ва тинчлик халқаро болалар фестивали иштирокчилари ва меҳмонлари ҳам Ўзбекистоннинг бой маданий қадриятлари ҳақидаги ранг-баранг маълумотлар билан яқиндан танишди, ўзбек ёшлари ижросидаги миллий рақс ва қўшиқларни олқишлар билан кутиб олди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг